Фан-техника | 20:51 / 07.12.2023
46914
2 дақиқада ўқилади

Google ўзининг энг кучли Gemini сунъий интеллект моделини ишга туширди

У OpenAI компаниясининг GPT-4 моделига асосий рақобатчи бўлиши мумкин.

Google компанияси Gemini нейрон тармоғини ишга туширди. Компания уни сунъий интеллектнинг энг кучли ва самарали модели деб атамоқда. 

Gemini учта компонентни ўз ичига олади: Ultra (энг катта ва энг функционал), Pro (кенг кўламли вазифалар учун) ва Nano (аниқ вазифалар ва мобил қурилмалар учун). Уларнинг барчаси расмлар, аудио ва видеоларни қўллаб-қувватлайди. 

Ultra энг кучли тармоқ бўлиб, 57 та фан (математика, физика, тарих, ҳуқуқ, тиббиёт, этика ва бошқалар) бўйича маълумотларни ўз ичига олади ва мустақил равишда фактларни текшириш ва муаммоларни ҳал қилиш имкониятига эга. 

«Gemini - бу турли Google жамоалари ўртасидаги ҳамкорлик маҳсулидир. Бу модел нолдан яратилган. У матн, код, аудио, тасвир ва видеони ўз ичига олган ҳар хил турдаги маълумотларни умумлаштириши ва осон тушуниши, қайта ишлаши ва бирлаштириши мумкин», деди Сундар Пичаи, Alphabet (Google) компанияси бош директори. 

Gemini API ва бошқа воситалар билан осон интеграциялаша олади. Шу сабабли, 13 декабрдан бошлаб ишлаб чиқувчилар ва корпоратив мижозлар Pro моделидан фойдаланиши мумкин бўлади. 7 декабрдан бошлаб Google Bard режалаштириш, мураккаб мавзуларни тушуниш ва ҳоказоларда ёрдам бериш учун ундан фойдалана бошлайди.

Кейинчалик Nano модел ишга туширилади. Унинг ёрдамида ишлаб чиқувчилар Android учун иловалар яратиши мумкин бўлади. 

2024 йилда Ultra модели асосида Bard Advanced ишга туширилади. Бу чатбот жорий қилинганидан бери энг катта янгиланиш бўлади.

Мавзуга оид