Афғонистоннинг Қўштепа канали қирғоғи Амударё сув оқими билан ювиб кетилмаган – «Ўзбеккосмос»
Агентлик фикрига кўра, бу ҳолат сизот сувларининг кўтарилиши оқибатида юз берган.
Афғонистонда қазилаётган Қўштепа канали қирғоғидан сув сизиб чиқиши ҳодисаси Амударё сув оқими билан боғлиқ эмас. Бунга сизот сувларининг кўтарилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» агентлиги хабар берди.
Аввалроқ, «Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалицияси экспертлари Афғонистонда қазилаётган Қўштепа канали Амударё суви билан тўла бошлаганидан кейин оқимнинг босимига бардош бера олмагани ва катта ҳажмдаги сув яқин атрофдаги ҳудудга тарқалгани ҳақида хабар берган эди.
Шундан сўнг, «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан Қўштепа каналидан сув сизиб чиқишига оид хабарлар турли фазовий ўлчам аниқликдаги мултиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилган.
Қайд қилинишича, канални қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда 2022 йил май ойидан бошлаб ер ости сизот сувларининг кўтарилиши аниқланган. Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида 2023 йил 10 октябрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган.
«Ўзбеккосмос» агентлигига кўра, 2023 йил 4 ноябр куни Қўштепа каналининг 75,6 км қисмида ўнг қирғоқнинг 30 метрга яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган. 5 ноябр куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 кв.км, 25 ноябрда 23,8 кв.км, 13 декабрда 30,3 кв.км.ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган.
Қурилиш динамикасининг космик мониторинги каналнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмагани, дарёга уланиш жойида 20 метрга яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатган.
Шу билан бирга, сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилгани (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) бўйича визуал белгилар аниқланмаган.
«Ўзбеккосмос» агентлигининг қайд қилишича, ҳозир сув сизиб чиқиш жойи атрофида сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бормоқда.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
19:45 / 04.11.2024