Иқтисодиёт | 12:20 / 19.12.2023
17541
3 дақиқада ўқилади

Дунё озиқ-овқат бозорида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

2023-2024 йиллар мавсумида дунё миқёсида буғдой етиштириш 2,2 фоизга, шакар ишлаб чиқариш 2 фоизга камайиши мумкин. Ўз навбатида мойли ўсимликларни етиштириш 4 фоизга ошиши кутилмоқда. Шунингдек, 2023 йил охиригача сут ишлаб чиқариш 1,3 фоизга, гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 0,8 фоизга ошиши прогноз қилинган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари глобал озиқ-овқат бозори ривожланишидаги асосий йўналишларни таҳлил қилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – FAO прогнозига кўра, экстремал об-ҳаво шароити ва ортиб бораётган геосиёсий кескинлик глобал озиқ-овқат тизимига хавф туғдиради ҳамда савдо ва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги истиқболини ёмонлаштириши мумкин.

2023-2024 йиллар мавсумида дунё миқёсида 785,1 миллион тонна буғдой етиштирилиши кутиляпти. Гарчи етказиб бериш ҳажми етарли даражада сақланиб қолаётган бўлса-да, бу ўтган мавсумдагига қараганда 2,2 фоиз кам.

Буғдой етиштиришнинг прогноз қилинаётган қисқариши Австралия ва Россияда 2022 йилдаги рекорд кўрсаткичлардан сўнг ҳосил миқдорининг камайиши, шунингдек, Канада ва Қозоғистонда йиғим-теримнинг прогноз қилинаётган қисқариши билан боғлиқ. Бироқ Аргентина, Ҳиндистон ва АҚШда ишлаб чиқаришнинг ўсиши кутиляпти ва бу пасайишнинг ўрнини босади.

2023-2024 йиллар мавсумида глобал мойли ўсимликларни етиштириш ўсишда давом этиши ва 666,7 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу эса аввалги мавсумдагига нисбатан 4 фоиз кўп.

Соя (Бразилия, Аргентина) ва кунгабоқар уруғлари (Европа, Қора денгиз минтақаси) етиштириш бўйича юқори прогнозлар рапс етиштиришнинг кутилаётган қисқаришини қоплайди (Австралия, Канада).

Келаётган мавсумда жаҳон миқёсида шакар ишлаб чиқариш 175,5 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2022-2023 йиллардаги мавсумдагига нисбатан 2 фоиз кам.

Эл-Нино ҳодисаси билан боғлиқ қуруқ об-ҳаво шароити туфайли асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатлар бўлган Таиланд ва Ҳиндистонда шакар ишлаб чиқаришнинг қисқариши кутилмоқда. Бразилия ва АҚШда ҳам шакар ишлаб чиқаришнинг пасайиши прогноз қилиняпти.

Дунёда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2023 йил охиригача 365 миллион тоннагача ортиши тахмин қилиняпти. Бу 2022 йилдагига нисбатан 0,8 фоиз кўп. Осиёда гўшт ишлаб чиқаришнинг кўпайиши кутилмоқда. Бу асосан Хитойда чўчқа гўшти ишлаб чиқаришнинг ошиши билан боғлиқ. Гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш Жанубий Америкада, айниқса, Бразилия ва Океанияда ҳам кенгайиши мумкин.

2023 йил охиригача сут ишлаб чиқариш 950 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу 2022 йилдагига қараганда 1,3 фоиз кўп.

Жаҳонда сут ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинаётган ўсиши Осиёда, хусусан, Ҳиндистон ва Хитойда сут ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан боғлиқ. Шунингдек, Бразилияда ҳам соғин сигирлар сонининг кўпайиши ва сут маҳсулдорлиги ортиши ҳисобига сут ишлаб чиқариш ҳажми ошиши кутиляпти.

Мавзуга оид