Жаҳон | 09:00 / 21.12.2023
4725
2 дақиқада ўқилади

ЕИ суди Януковичга нисбатан коррупция учун жорий этилган санкцияларни бекор қилди

2021 йилда Виктор ва Александр Януковичга қарши санкциялар қўллашдан олдин Европа Иттифоқи кенгаши Украина собиқ президенти ва унинг ўғлида ўз ватанида ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти бор ёки йўқлигини текширмаган.

Фото: Комсомольская правда / Global Look Press

Люксембургдаги Европа суди 20 декабр, чоршанба куни Украина собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг ўғли Александрга нисбатан ЕИ кенгаши томонидан коррупция учун жорий этилган санкцияларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Трибунал қарорида айтилишича, 2021 йилда чеклов чораларини жорий этишдан аввал Европа Иттифоқи кенгаши «баҳолашда хатога йўл қўйган» ва Януковичларнинг Украина судларида ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти бор ёки йўқлигини аниқлаштирмаган.

Европа Иттифоқининг бошқа санкциялари собиқ президент ва унинг ўғлига нисбатан қўлланишда давом этади. 2022 йил август ойида уларга нисбатан «Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига, давлат барқарорлиги ва хавфсизлигига путур етказиш ёки унга таҳдид солишдаги роли учун», Александр Януковичга нисбатан эса «Украинанинг Донбасс вилоятидаги сепаратистик гуруҳлар билан келишувлар учун» чеклов чоралари қўлланган.

Янукович ва унинг ўғли бир неча бор Европа судларида санкцияларни олиб ташлашга муваффақ бўлган. Бундай қарорларга сабаб сифатида судлар ЕИ кенгаши Януковичларнинг Украинада ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти бор ёки йўқлигини тўғри текширмаганини кўрсатди. 

Мавзуга оид