Жаҳон | 13:25 / 01.01.2024
6421
3 дақиқада ўқилади

БМТ Малидаги тинчликпарварлик миссиясини якунлади

Халқаро ҳарбий контингентни олиб чиқиб кетиш тугаллангач, миссияни тугатиш босқичи бошланади, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Фото: Lisi Niesner/REUTERS

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Ғарбий Африкадаги Мали давлатида Кўп ўлчовли интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси (КИБМ)ни расман якунлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилишича, қўшинларни олиб чиқиш босқичидан сўнг «тугатиш босқичи» 1 январ, душанба куни бошланади.

Гутерришнинг сўзларига кўра, жиҳозлар Мали ҳукуматига берилади (2020 йилдан буён давлат тўнтариши натижасида ҳарбий хунта ҳукмронлик қилмоқда), бундан ташқари, амалдаги шартномалар бекор қилинади. Гутерриш ўз баёнотида ҳалок бўлган 311 КИБМ миссияси ходимларига ва 700 дан ортиқ ярадорларга ҳурмат бажо келтирди.

Мали ҳукумати БМТ тинчликпарвар кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилган

2023 йил июн ойида Мали ташқи ишлар вазири Абдулайе Диоп БМТ Хавфсизлик кенгашидан халқаро тинчликпарвар контингентни мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, БМТ миссияси мамлакатдаги вазиятни хавфсиз ҳолатга келтира олмади, бундан ташқари, унинг ҳаракатлари мамлакат аҳолисида «ишончсизлик ҳисси»ни келтириб чиқарди. Шундан сўнг, БМТ Хавфсизлик кенгаши олти ойлик ўтиш давридан сўнг Малидаги миссияни 2023 йил охиригача тугатишга қарор қилди.

Январ бошида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва Мали ҳукумат кучлари фаолиятини, жумладан, тинч аҳолига қарши эҳтимолий жиноятларини мустақил текширишга чақирган эди. Қўшма Штатлар Мали мудофаа вазири ва ҳарбий хунтанинг бошқа аъзоларига россиялик ёлланма аскарларни қўллаб-қувватлагани учун санкциялар киритди. 

Бундесвернинг Малидаги БМТ миссиясида иштирок этиши 

КИБМда немис ҳарбийлари ҳам иштирок этди - у Германия ташқарисидаги энг йирик Бундесвер миссияларидан бири бўлиб, 1100 нафар ходимга эга эди. Июл ойида Германия Бундестагининг ҳарбий ишлар бўйича комиссари Ева Ҳёгл Бундесвер йил охиригача Малини тарк этишга тайёрлигини айтган. 

КИБМ миссияси Малида 2013 йилдан бери фаолият юритиб келди, унинг расмий мақсади аҳолини турли гуруҳлардан ҳимоя қилиш эди. Мамлакат 2012 йилдан бери ҳукуматпараст кучлар ва гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршилик остида. Бу вақт ичида Мали пойтахти Бамакода ҳокимият бир неча бор ўзгарди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид