Жаҳон | 07:30 / 20.01.2024
7402
3 дақиқада ўқилади

Шварценеггер соатини аукционда 270 минг еврога сотди

Шварценеггер ўзининг имзо қўйган соатини Кицбюэлдаги кимошди савдосига чиқарди, бироқ бу ҳақда эълон қилмади. Унинг учун у Мюнхендаги божхонада 35 минг евро жаримага тортилганди.

Фото: AP

Машҳур Ҳолливуд актёри ва АҚШнинг Калифорния штати собиқ губернатори, Германия божхонасида ушланган Арнолд Шварценеггернинг имзо қўйган соати Австриянинг Кицбюэл шаҳрида иқлимни муҳофаза қилиш бўйича кимошди савдосида 270 минг еврога сотилди. Die Presse хабарига кўра, 18 январ, пайшанба куни Stanglwirt меҳмонхонасида бўлиб ўтган хайрия кечки овқати давомида савдолар ўтказилган. Актёр Мюнхендаги божхонада қўлга олингани учун оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди: у хайрия аукционида сотиладиган Audemars Piguet соатини олиб келган, бироқ буни маълум қилмаган. Шварценеггер ушланганидан кейин соат нархи ошди: актёрнинг ўзи унинг нархини 20 минг еврога баҳолаган, бироқ лотнинг бошланғич нархи 50 минг еврони ташкил қилди. Ушбу соат корпусида Шварценеггер танасининг тасвири билан ўйиб туширилган ва Arnold Classic деб ёзилган. Ҳаммаси бўлиб дунёда 20 та бундай соат чиқарилган

Stanglwirt меҳмонхонасидаги кимошди савдосида 1,31 миллион евро йиғилди - унда австриялик рассом Кристоф Палашкенинг «Темир Арни» портрети, Шварценеггер ўйнаган «Варвар Конан» филмидаги қилич, шунингдек, актёр билан машқ қилиш учун сертификат тақдим этилди. Даромад атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги турли лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган, шунингдек, ҳар йили «Австрия Жаҳон саммити»га мезбонлик қилувчи «Шварценеггер иқлим ташаббуси» жамғармасига йўналтирилади. 

Шварценеггер 35 минг евро жаримага тортилди

Арнолд Шварценеггер аукциондан бир кун олдин Мюнхен аэропортида божхона текшируви вақтида қўлга олинди. Бавария божхоначилари Швейцариянинг Audemars Piguet соатини ҳашаматли буюм деб ҳисоблаган. Европа Иттифоқи қоидалари бундай нарсалар ҳақида маълумот беришни талаб қилади, аммо Шварценеггер буни қилмаган. 

Божхоначилар соатнинг нархини 26 минг еврога баҳолаган. Натижада Шварценеггер немис божхонасига 35 минг евро тўлашга мажбур бўлди: соатнинг ўзи нархига 5000 евро жарима ва 4000 евро солиқ қўшилди. Актёр умумий сумманинг ярмини нақд пулда тўлаши керак эди, шу сабабли у божхона ходими ҳамроҳлигида банклардан бирининг филиалига боришига тўғри келди.

Мавзуга оид