«Боламнинг боласини ҳам ўзимиз боқяпмиз» – тақдир синовларида енгилмаган кўзи ожиз инсоннинг изтироблари
“Ҳаётий ҳикоялар” туркумидан бериб бораётган ҳикоямизнинг навбатдаги қаҳрамони ҳаётда жуда катта синовга дуч келган ва уларни енгиб яшаётган кўзи ожиз инсон. Бир пайтлар бола тарбиялашда йўл қўйган хатоси туфайли у кексайган чоғида яна синаляпти. Бироқ яхши кунлардан умидини узгани йўқ.
Туман марказларидан бирига сафарга бориб, тушликда ошхоналардан бирига кирдим. Қарасам одам кўп, бўш жой йўқ экан. Шунда залнинг четроғидаги стол атрофида кексароқ ёшдаги аёл ва эркакка кўзим тушди. Рухсат сўраб уларнинг ёнига жойлашдим.
Овқатланиб ўтирар эканман, бир пайт икки нафар ёш бола келиб даврамизга қўшилди. Болалар чуғурлашиб, ўша атрофда музқаймоқ сотиладиган жой борлигини айтиб пул сўрай бошлашди.
Чол уларга «шовқин қилманглар» деб пўписа қилди ва пул берди. Болаларга музқаймоқни еб бўлгач, тўғри ортга қайтишларини таъкидлади.
Чол ҳамёнидан пул олар экан, болаларга беришдан аввал уни юзига яқинлаштириб кўрди ва кейин берди. Шунда унинг кўзи ожизлигини сезиб қолдим. Хаёлимга балки аёлнинг ҳам кўзи яхши кўрмас деган ўй келди. Гумоним тасдиқланди.
Мен улар билан суҳбатлашишни хоҳлардим. Кўзи ожиз қариялар нега болаларни эргаштириб юришибди? Ёки болалар уларни етаклаб юришибдими?
«Қўяверинг, ҳозир буларнинг ўйнаб, куладиган пайти. Мен ҳам болалигимда шундай шўх бўлганман», деб гап бошладим.
Шундан сўнг гапимиз қовушди. Маълум бўлишича, бу икки бола уларнинг набираси экан. «Набираларимни ҳар ҳафта мактаб йўқ куни (якшанба кунини назарда тутди) туман марказига олиб чиқиб айлантириб кетаман. Бугун кампирим ҳам эргашди», деб қолди.
Болаларнинг ота-онаси ҳақида сўрайман деб энди оғиз жуфтлаган эдим ўзи гапириб қолди: «Набираларимнинг онаси уйда, отаси эса дайдиб кетган».
Чолнинг гапи мени ҳайрон қолдирди. Болаларнинг отаси нега дайдиб кетади, онаси қаерда? Бу саволларнинг жавоби мен учун қизиқ эди.
Кўнглимдан ўтганларни билиб тургандай у гап қотди: «Агар вақтингиз бемалол бўлса набираларим келгунча бошимдан ўтганларни айтиб бераман».
Чолга розилигимни билдиргандим, у ҳикоясини бошлади:
«Кўзи ожиз ҳолда туғилганимни билганимда 5 ёшларда эдим. Атрофимда ҳеч нарса кўринмас, нарсаларни кўзимга яқин тутсам нималигини хирароқ кўрардим. Оёқ ости ҳам ғира-шира кўринарди.
Бир икки ёшга улғайганимдан сўнг онамнинг ҳам кўзи ожизлигини, отам эса соғломлигини билганман. Мендан икки ёш кичик укам эса соғлом туғилганди.
Онам кўзи ожиз туғилиш аввало қисматлигини, бироқ отасининг ҳам кўзи ожиз бўлганини ва бу авлодларидан ўтиб келаётган бўлиши мумкинлигини айтарди.
Онамнинг кўзи яхши кўрмасада жуда ҳаракатчан аёл эди. У 7 ёшимда мени вилоят марказидаги кўзи ожизлар мактаб-интернатига жойлаштирди. Ўзи эса туман марказидаги кўзи ожизларнинг корхонасига ишга кирди.
Мен уйга бир-икки ойда бир марта борардим. Ёзги таътилни ҳам уйда ўтказардим. Отам одамларнинг қўйларини боқар, ишлаб топган арзимаган пулини уйга олиб келмасди.
Ногиронлиги учун бериладиган арзимаган нафақа пули рўзғорга етмас, онам шу сабабли ишга киришга мажбур бўлганди. Уйимиз бор-йўғи икки хонадан иборат бўлиб, томи лойсувоқ эди. Кейинчалик колхоз амал-тақал қилиб тепасини чордоқ қилиб берган эди.
Уйимизда на ҳаммом, на ошхона бўлмаган. Онам хонанинг иккинчисидан ошхона сифатида фойдаланарди. Ўша ерда катта тоғорада ювиниб олардик.
Мен мактабда ҳунар ўргандим. Кейин мактаб қошидаги устахонада ишладим. Бўлажак хотиним билан битта мактабда ўқиганмиз. Бунинг «зренияси» меникидан сал яхшироқ.
Мактабни битиргандан сўнг мен бир неча йил мактаб қошидаги устахонада ишлаб қолиб кетдим. Бўлажак хотиним билан оила қурдик, сўнг қишлоққа қайтдик. Ошхона вазифасини бажариб турган хонани таъмирлаб, ўша ерда яшай бошладик. Бу пайтда отам ҳам қайтиб келган ва биз билан яшарди.
Мустақилликнинг илк йиллари эди ва давлат бераётган нафақа пуллари оиламизга урвоқ ҳам бўлмасди. Шундан сўнг мен уйда кичик устахона очдим ва мактабда ўрганган буюмларини ясай бошладим.
Ўша пайтларда тадбиркорликка йўл очилиб, одамлар бозорларда бемалол савдо қилишни бошлаганди. Ясаган нарсаларим харидоргир бўлиб, уларни бозорчиларнинг ўзи келиб уйдан олиб кетарди.
Кейинроқ укамни ҳам ёнимга олдим ва бир неча йил ишлаб яхши пул топдик. Ҳовли четидан янги уй қурдик. Бу орада бирин-кетин ота-онам вафот этишди. Иккита ўғил фарзандли бўлдим. Ўғилларимнинг иккаласи ҳам соғлом туғилган эди.
Кўп ўтмай укамни ҳам уйлантирдик ва ҳовлини иккига бўлиб, унга ҳам уй тикладик. Сўнг маслаҳатлашиб рўзғоримизни алоҳида қилдик.
Ўғилларим улғаяр экан эр-хотин иккаламиз уларни ер-у кўкка ишонмас эдик. Жуда эрка бўлишгани учун айтганларини муҳайё қилардик.
Айниқса тўнғич ўғлим жуда эрка бўлиб ўсди. Тенгқурлари олдида кўнгли ўксимасин деб нима деса ўшани муҳайё қилишга ҳаракат қилдик. Бу ишнинг охири яхшилик билан тугамаслигини, болани ҳаддан ортиқ эркалатиш ёмон оқибатларга олиб келишини ўшанда ўйламабмиз ҳам.
Ўғлим мактабнинг юқори синфларда ўқиб юрган пайтларида назоратни йўқота бошладик. Аввалига сигарет чекишни, сўнг ароқ ичишни ўрганди.
Кунларнинг бирида қўшниларникидан тилла тақинчоқлар йўқолди. Улар яқинда туширган келининики экан. Келинни кўриш учун унинг олдига қўшни қизчалар киришган экан. Қайнонаси ҳаммадан сўраб чиқди.
Шу орада кимдир тўнғич ўғлимнинг ҳам тилла тақинчоқлар йўқолмасидан аввал қўшниникига кирганини кўрган экан, бизникига ҳам келишди. Ўғлим “мен тегмадим” деди.
Шу пайтда қўшни аёл ўғлингизнинг хонасини кўрайлик деб қолди. Бир томондан унинг ўғлимдан гумон қилганига жаҳлим чиқяпти. Иккинчи томондан қўшни келиннинг тилла тақинчоқлари йўқолгани яхши иш бўлмабди деб ўйлаяпман.
Ўғлимнинг хонасига кириб каравотидаги ёстиқ остига қарасак йўқолган тақинчоқлар турибди. Ўша пайтда ер ёрилмади, кириб кетсам.
Қўшни хотин тақинчоқларни олди ва ўғлимга қараб, “Сен бизнинг ҳовлига умуман кирма. Қўшнилар, бу гапимнинг сизларга алоқаси йўқ. Фақат шу ўғлингизни кўрмасам бўлди. Ўзи мелисага бериб қаматишим керак эди. Майли ёшлик қилгандир, қолаверса қўшнилармиз, сизларга раҳмим келди” деди ва чиқиб кетди.
Бу гапларни эшитиш жуда оғир эди. Бироқ чидашга мажбур эдим. Ўғлимнинг тарбияси билан жиддий шуғулланмасам бўлмайди деб ўйладим. Бироқ бу пайтга келиб у гап уқмас бўлиб бўлганди. Тахминимча қўли эгрилиги ўшандан кейин ҳам давом этди.
Мактабни битирганидан сўнг 1-2 йил ўтиб, уни уйлантириш тараддудига тушдик. Зора оилали бўлса ақли кирар деб ўйладик. Бироқ уйлангандан кейин ҳам у ақлини йиғмади.
Россияда ишлаб келаман деб кетиб, биринчи йил қуруқ қўл билан қайтди. Шунда ҳам эсон-омон топилиб келгани учун хурсанд бўлдик. Иккинчи йил ҳам кузда йўлкирани ўзимиз қилиб жўнатдик, амаллаб уйга етиб келди.
Ҳар йил баҳорда Россияга кетиш учун қиммат нархга поездга билет олади, пулини биз тўлаймиз. Уйга бир сўм юбормагани етмагандай йўлкирасини ҳам жўнатамиз. Шу тариқа уйлангандан сўнг 5-6 йил умри шу тариқа ўтиб кетди. Ёшлигидан эрка бўлиб ўсгани учунми, ҳечам меҳнат қилгиси келмайди.
Боя сиз кўрган болачалар тўнғич ўғлимнинг фарзандлари. Келин биз билан яшаяпти. Барака топсин, малолланмай хизматимизни қиляпти. Бироқ ўғлим уйда йўқ. Унинг қаердаларда дайдиб юрганини ҳатто билмаймиз ҳам.
Айтишларича, ҳозир вилоят марказида бир аёлга илакишиб қолиб, ўша билан яшаб юрган эмиш. Уни топиб, мажбуран уйга олиб келишимиз ҳам мумкин. Бироқ ақлини йиғмаса яна кетиб қолиши мумкин. Шу учун Худо инсофини берсин деб дуо қилиб ўтирибмиз.
Эсимда, унинг соғлом туғилганини кўриб “Худо хоҳласа бир кун келиб ўғлимиз улғайса бизга суянчиқ бўлади, оғиримизни енгил қилади”, деб ўйлаб хурсанд бўлганмиз.
Бироқ уни тарбиялашда йўл қўйган хатоларимиз туфайли у бизга эмас, биз унинг хотинига ва болаларига суянчиқ бўляпмиз. Энди қариган чоғимизда боламизнинг боласини ҳам ўзимиз боқяпмиз».
Чол ҳикоясини тугатгандан сўнг яхши гаплар билан унинг кўнглини кўтардим. От айланиб қозиғини топиб келишини айтдим ва кейин улар билан хайрлашдим.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
09:00 / 27.11.2023
Орамиздаги одамлар: ярим танадаги бутун жон
12:05 / 03.11.2023
«Нафсим йўлдан уриб, она ва гўдакнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – шифокор аёлнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
12:18 / 19.10.2023
“Аҳволим шу экан деб ётиб олсак бўлмайди” — автомобилни қўлсиз бошқараётган фарғоналик ҳайдовчи
13:30 / 11.10.2023