Ўзбекистон | 17:59 / 07.02.2024
19362
5 дақиқада ўқилади

«Маошимиз 1000 доллардан ошган» — Мўйноққа бориб ишлаётган шифокорларга нималар таклиф этилмоқда?

Орол минтақасидаги муаммолар мамлакат тиббиёти учун қатор вазифаларни келтириб чиқаргани бор гап. Хусусан, ҳудуднинг Мўйноқ тумани аҳолиси ҳаёти, уларнинг яшаш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Давлат раҳбарининг 2022 йил 17 майда имзоланган «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари тўланиши белгилаб берилган эди. Ушбу фармоннинг ижроси қисқа муддатда амалиётда бўй кўрсатиб, ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида кўплаб ёш ва малакали тор соҳа мутахассислари иш бошлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Мўйноққа бориб ишлаётган шифокорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг иш фаолияти ва ҳаёт тарзи билан яқиндан танишди.

Мўйноқда бошқа ҳудудлардан борган 22 нафар шифокор меҳнат қилмоқда

Айни пайтда Мўйноқда қўшни Хоразмдан тортиб, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Андижон каби вилоятлардан келиб меҳнат қилаётган шифокорларни учратиш мумкин.

Туман тиббиёт муассасаларида 71 нафар шифокор фаолият юритиб, уларнинг 22 нафари президентнинг тегишли фармонига асосан бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган тор соҳа мутахассисларидир.

«Ҳали қайтиб кетиш ниятим йўқ»

Шулардан бири Андижон вилоятининг Избоскан туманидан Сожида Қамариддинова. Сожида опа олий таълим муассасасини тамомлагач, бир муддат ўзи яшайдиган ҳудуддаги шифохонада ишлаган. Президент фармонидан сўнг бугун Мўйноққа келиб, шифокор сифатида фаолият юритмоқда.

«Ҳали бу ердан Андижонимга қайтиб кетишни ўйлаганим йўқ. Турмуш ўртоғим ҳам шу ерда ишли бўлди. Болаларим мактабга жойлашди. Ўзим оила шифокори бўлиб Мўйноқ аҳлига тиббий хизмат кўрсатяпман», — дейди Сожида Қамариддинова.

«Мўйноқликлар бизни яхши кўради»

Кўпчилик дастлаб яқинлардан олисда фаолият юритишни ўйлаб, бироз иккиланиши мумкин. Наманганнинг Норин туманидан Мўйноққа келиб ишлаётган шифокор Нигора Қодирова ҳам шундайлар сирасидан эди. Аммо бугун у қароридан хурсанд. 

Ҳудудлардан келиб, фаолият юритаётган шифокорларни мўйноқликлар жуда яхши кўради. Шу сабабдан фарзандининг тана ҳарорати кўтарилса ёки томоғи оғриб қолса, яқин қадрдони каби шифокорларнинг хонадонига ҳам боришади, уйларига кириб келганда очиқ чеҳра билан қарши олишади.

Мўйноқда ишлаётган шифокорлар оиласи

Мўйноқ туманига келиб ишлаётган барча тиббиёт ходимлари 200 фоизлик устамадан ташқари, туманнинг чекка ҳудудларида ишласа, уй-жой билан таъминланади. Қолаверса, фарзандларининг таълим олиши учун ҳам шароитлар етарли.

— Келишимиздан олдин Мўйноқни яшаш учун оғир ҳудуд деб ўйлардик. Бу ерда инсонлар учун, айниқса, тиббиёт йўналишида яратилган шароитни кўриб фикримиз ўзгарди, — дейди хоразмлик Жумагул Сапаева. — Турмуш ўртоғим билан шу ерда иш бошладик. Мен тумандаги 32-сонли оилавий поликлиника оила шифокориман. Турмуш ўртоғим ҳам ушбу муассасада ярим ставкада, шунингдек, туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирурги лавозимида ҳам ишлайди.

Иккимизнинг ҳам маошимиз 1000 АҚШ долларидан ошиб кетган. Турмуш ўртоғим навбатчилик кунларига қараб 20 миллион сўмгача пул олади баъзи ойларда. Оилавий даромадимизни жамласак, анча-мунча сумма бўлади. Ризқимиз шу ерга сочилган экан, териб юрибмиз.

Ҳали ҳам шифокорларга талаб юқори

Туман тиббиёти масъулларининг маълум қилишича, Мўйноқ тумани тиббиёти учун ҳали ҳам ихтисослашган тор соҳа мутахассисларига эҳтиёж юқорилигича қолмоқда. Хусусан, невропатолог, ўсмирлар врачи, иммунолог, онколог, гастроэнтеролог, пулмонолог, аллерголог, болалар ЛОР врачи, мактаб педиатри, диагностика врачлари, инфекционист, реаниматолог, травматолог, трансфузиолог, навбатчи педиатр каби мутахассисликлар учун тумандаги тиббиёт муассасаларида жами 26 та тўлиқ ставкадаги вакант ўринлари мавжуд.

«Агар ушбу соҳа мутахассислари бошқа ҳудудлардан келиб ишлаш истагини билдирса, ойлик маошларига 200 фоиз устама, заруратга қараб уй-жой ва қўшимча тўловлар тақдим этилади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид