Ўзбекистон | 18:20 / 08.02.2024
18371
2 дақиқада ўқилади

Тошкент марказида 3 та автомобил иштирокида ЙТҲ рўй берди

Миробод туманида рўй берган ЙТҲ оқибатида учала машина ҳайдовчилари ҳамда бир йўловчи шифохонага олиб кетилган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

8 феврал куни соат тахминан 15:45 да Тошкент шаҳри марказида, Миробод ва Нукус кўчалари кесишмасида учта енгил автомобил — Matiz, Kia ва Zeekr иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙҲХБ Миробод туманида рўй берган ЙТҲ юзасидан дастлабки маълумотни тақдим этди.

Тўқнашув оқибатида Zeekr тротуарга чиқиб кетган, Kia эса тротуар ёқасидаги газонга чиқиб қолган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда барча машиналар жиддий шикастлангани, энг жиддий ҳолат Zeekr автомобили билан рўй берганини кўриш мумкин.

ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати хабарига кўра, учала автомобил ҳайдовчилари (Kia ҳайдовчиси, 1979 йилда туғилган В.К; Matiz ҳайдовчиси, 1959 йилда туғилган Р.Р; Zeekr ҳайдовчиси шахсига ойдинлик киритилмоқда) ҳамда Zeekr йўловчиси шифохонага олиб борилган.

Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган. Фотосуратлардан кўриш мумкинки, ЙТҲга бир ёки бир неча автомобил юқори тезликда ҳаракатлангани сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид