Ўзбекистон | 15:46 / 17.02.2024
20779
6 дақиқада ўқилади

 “Ўзбекхон даврида ўзбек деган ном шуҳрат топди” – эксперт

Ўзининг ташқи кўриниши, ислоҳотчилиги, адолати ва мардлиги билан танилган улуғ ҳукмдорлардан бири Ўзбекхон ҳақида кўпчилигимиз билмаймиз. 1312–1342-йилларда Олтин Ўрдада ҳукумронлик қилган хон ўша давр тарихчилари томонидан дунёнинг етти буюк ҳукмдоридан бири деб таъриф берилган. Бугун биз шу ҳақида тарихчи Ғайбулла Бобоёров ва қирғизистонлик ёзувчи Маҳмуджон Қозоқбоев билан суҳбатлашдик.

Ғайбулла Бобоёр: — Ўзбекистон тарихи дейилганда кўпроқ Амударё ва Сирдарё оралиғи билан чекланиш пайдо бўлиб қолган. Ўзбекхон ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшамагани учун уни бегонасираб кўришади. Тарих китобларида ҳам ўзбек халқи келиб чиқиши Ўзбекхонга ҳам боғлиқ экани ҳақидаги тахминни айтиб кетишади холос. Лекин унинг фаолияти, нималар қилганига деярли тўхталишмайди.

Маҳмуджон Қозоқбоев: — Бу савол ҳар бир ўзбекни қизиқтиради деб ўйлайман. Биз бу инсон таърифини билмаслигимизга биринчи сабаб — у руслар устидан ҳукмронлик қилган, шунинг учун ўтган асрда Ўзбекхон тарихи яширилган. Бундан ташқари, ислом дини Олтин Ўрданинг давлат дини деб жорий қилинган.

Ўзбеклар дин билан пайдо бўлган миллатмиз десак ҳам бўлади. Чунки ўзбекдан кейин мўғул қолмади: бу ҳудудларда ислом динини қабул қилганлар ўзбек, қабул қилмаганлар қалмоқ бўлди. Шу билан мўғул йўқолиб кетди.

Ғайбулла Бобоёр: — Ўзбек тарихига тўхталишдан қочишнинг бошқа томонлари ҳам бор. Яъни Ўзбекхон келиб чиқиши Чингизхонга тақалади. Чингизхон эса ёвуз, босқинчи сифатида таърифланади бизда, шу сабабли Ўзбекхонга ҳам ижобий қараш шаклланмаган. Ота-боболари қилган иш учун булар ҳам жавобгар бўлиб қоляпти. Ўзбекхонга, умуман, Чингизийларга муносабатимизни тубдан ўзгартириш керак. Асли ўзбек деган номни олиб кирган, бугунги Ўзбекистон асоси бўлган давлат тузган Шайбонийлар сулоласи, Шайбонийлар эса Ўзбекхон ва Чингизийларга тақалади. Бир томондан ўзбек деган номимизни улуғлаймиз, лекин бунга асос бўлган илдизлардан қочамиз. Тарихни ўрганмай, ёзма манбаларни кўрмай, бу босқинчи авлоди, бу ўзимизники деймиз.

Ҳали ҳам бу бўйича советлар чизиб берган доирадан чиқолмаяпмиз. Ўзбек давлатчилиги бўлмаган деган тош отишлар анча олдин бошланган эди. Фақат энди оммага чиқарилиб айтиляпти.

Тарихан ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ё бошқа бўлсин, баъзилари мавжуд номлар бўлган. Бир жойдаги халқ номидан бошқа жойга кўчган ҳам бўлади тарихий жараёнда, масалан, Енисей қирғизлари бўлган, кейин Олтойга кўчган, кейин Шарқий Туркистон ва сўнг ҳозирги Еттисув атрофига келиб жойлашишган.

17-асрда яшаган Маҳмуд ибн Вали «Баҳр ул-асрор» асарини ёзади. У ўзига бўлган асарларни ўрганиб, ўзи билганларни ҳам ёзади. Турон тушунчасига изоҳ берар экан, жуда кенг эканини айтади. Бир томон Каспий денгизига, Байкал кўли, Сирдарё бўйлари, бир томондан Волга бўйларидан Ҳиндистонгача бўлган ерларни айтади. Қанча уруғларга бўлинса ҳам, битта турк бўлган дейди.

Шу китобда яна бир нарса айтилади: қайси уруғдан бўлган ҳукмдор шон-шуҳрат қозонса, ўша уруғ номи билан бошқалариям аталади. Турк деб аталганлар кейинчалик мўғул дейилди, Ўзбекхон даврида эса ўзбек деган ном шуҳрат топиб, бутун Турон халқи ўзбеклар дейила бошлади, дейди.

Бундан ташқари Чингизхонни ҳам Турон фарзанди деб атаб, Турон шарқидан Чингиз чиқди, унинг авлодлари Қримда ҳукмронлик қиляпти деб ўтади. Қозоқ хонлари ҳам, Шайбонийлар ҳам шулардан эди деб таъкидлайди. Ўғуз турклари бўлмиш Усмонлилар бутун араб дунёсига ҳукмронлик қиляпти, Ҳиндистонда Чингизийларга қариндош бўлган, Темурийлар авлоди Бобурийлар ҳукмронлик қиляпти, дейди. Ҳатто Эрон Сафавийлар ҳам ўғуз туркларидан эканини айтади.

Шу манбаларни соддалаштириб, чиройли қилиб мактаб дарсликларига киритсак, бемалол тушунарли бўлади. Бу инсонлар ўзи гувоҳ бўлган, ўзига яқин бўлган ишончли манбаларни ўрганган. Ишончли маълумотлар булар.

Ўзбекнинг 92 уруғлари ҳам таърифланган асарларда. Уларда ўзбек деганда кимлар тушунилиши шундоқ кўрсатилган. Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, тарихимиз бўйича келиб чиқаётган саволларга жавоб топа оламиз, бировлар отаётган тошларга ҳам «мана» дея оламиз.

Ўзбекхон ҳақида асар ёзган ёзувчи сифатида шахси қандай бўлган ўзи?

Маҳмуджон Қозоқбоев: — Кўп китобларни қараб чиқишга тўғри келди. Ўтамиш ҳожининг «Чингизнома» асарида Ўзбекхон ҳақида маълумотлар бор. Шунда Ўзбекхон отаси тахт талаш пайтида Нўғайхон исмли беклар беги Чингизхон авлодларини йўқ қилишга киришган бўлади. Шунда Ўзбекхонни ўгай онасининг ёрдами билан, яъни онаси ўзининг кундоши ёрдамида Шимолий Кавказга, яъни Жўлот улусига олиб борилади. Чунки у ерда Қўнғирот уруғи бор эди, Ўзбекхон онасининг уруғи ҳам Қўнғирот эди. Ўзбекхон 14-15 ёшигача ўша ерда бўлади.

Шундан сўнг ўгай онаси Мария Боялун хотун, холаваччаси Қутлуғ Темур ёрдамида майдонга чиқа бошлайди. Қутлуғ Темур жуда кучли шахслардан бўлган, у Ўзбекхонни ёнига олиб келади ва кучга кириб, тахтга чиқишида катта ёрдам беради.

Ўзбекхон ислоҳотлар қилган ҳукмдор сифатида кучли тарихий шахс ҳисобланади. 19 та улусни ўзи ишонган одамларга топширади. Урбанизацияни ривожлантирди, у ерларда асосан даштлик кўчманчилар эди.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видеода томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид