Россияга дронларнинг ёпирилма ҳужуми: тўққиз регион зарба остида қолди
Сешанбага ўтар кечаси Россиянинг камида тўққиз региони украинларнинг учувчисиз учар аппаратлари ҳужумига учради. Нижегород областида дронлар зарбаси оқибатида «Лукойл» нефтни қайта ишлаш заводида, Орёлда дрон қулаши оқибатида нефт базада ёнғин чиққан.
Россия мудофаа вазирлиги 12 март тонгида етти област: Москва, Ленинград, Белгород, Курск, Брянск, Тула ва Орлов областларида 25 та учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилгани ёки ишдан чиқарилгани ҳақида хабар берди.
Яна икки регион — Нижегород ва Воронеж областлари губернаторлари ҳам тунги дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган. Киев одатда Россия ҳудудидаги ёнилғи корхоналарига берилган зарбаларга алоқадорлигини расман тасдиқламайди, аммо қатъиян рад ҳам этмайди.
Нижегород областидаги нефтни қайта ишлаш заводи ва Орёлдаги нефтбаза
Нижегород областида дронлар «Лукойл»нинг Кстово шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига қулаган. Нижний Новгород яқинидаги бу ҳодиса ҳақида маҳаллий нашрлар ва ТАСС агентлиги хабар берди.
Кейинроқ ТАСС Россиянинг энг йирик нефт компанияси эсланган хабарини ўчириб юборди, губернатор Глеб Никитин эса «ёнилғи-энергетика комплекси объекти» формулировкасини қўллади ва у ердаги нефтни қайта ишлаш қурилмаларидан бирида ёнғин бошланганини маълум қилди.
Бу Кстовога илк бор дронлар учиб келиши эмас. 31 январ куни РИА Новости манбаси Кстов районида иккита дрон радиоэлектрон кураш воситалари билан зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берганди. Дронлар аввалроқ Нижегород областининг Дзержинск шаҳрига ҳам ҳужум қилганди, бу ерда кимё саноати корхоналари жойлашган.
Нижегород НҚЗ — Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири саналади.
Кстоводан Украинанинг Киев назорати остидаги энг яқин нуқтагача тўғри чизиқ бўйича 800 км чиқади (шу билан бирга, дронлар доим ҳам тўғри чизиқ бўйича учмайди). Агентлик манбаси ўшанда улар Рязан области томондан учиб келгани, ҳаддан ташқари паст баландликда учгани (50 метр) ва радиоэлектрон кураш воситалари орқали ишдан чиқарилганини маълум қилганди.
Орёлда эса дрон нефт базага келиб урилган. Орлов области губернатори Андрей Кличков ҳам уни «ёнилғи-энергетика комплекси объекти» деб атаган ва у қайси компанияга тегишли эканига ойдинлик киритмаган. Бу ерда нефт сақлаш омборининг резервуари ёниб кетган, олов 100 квадрат метр майдонни қамраб олган, уни ўчириш учун ўнлаб ўт ўчирувчилар ва ўт ўчириш поезди жалб этилган.
Соат 10 дан кейин Кличков телеграмда «дронларнинг тунги ҳужуми оқибатлари» бартараф этилгани, шаҳардаги «тутун тарқаши» ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги ва бу «ўт ўчирувчилар фаолияти оқибати» эканини билдирди.
Орёл шаҳри мэри Юрий Парахин расмийлар ёнилғи объекти атрофида жойлашган иккита кўп қаватли уйдан 17 киши эвакуация қилинганини маълум қилган.
Москва мэри Сергей Собянин 12 мартга ўтар кечаси Москвага учиб келаётган дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган. «Бугун ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Раменск шаҳар округида Москва йўналишидаги дронни уриб туширди. Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар тушган жойда вайронгарчиликлар ва жабрланганлар қайд этилмаган», — дея ёзган Собянин.
Раменский округи Москвадан жануби-шарқда жойлашган.
Москвага охирги бор дронлар ҳужуми қарийб икки ой муқаддам — 17 январ куни кузатилганди.
Олдинги ҳужумлар
Жорий йилда Россиянинг ёнилғи-энергетика объектларига ҳужумлар сони ошди. Дронлар Ленинград области ва Петербургдаги ёқилғи терминалларига, шунингдек «Роснефти»нинг Туапседаги заводига ва бошқа муҳим инфратузилма объектларига қадар етиб келган.
24 февралга ўтар кечаси амалга оширилган ҳаво ҳужумидан сўнг Россиядаги энг йирик пўлат заводи — Новолипецк металлургия комбинатида ёнғин чиққан.
Ўтган ҳафтада, 7 март куни, маҳаллий расмийлар «номаълум учувчисиз учар аппарат келиб урилиши» оқибатида «Северстал»га тегишли бўлган Череповецкий металлургия комбинатида «чўян эритиш печида технологик ҳодиса» рўй берганини маълум қилишди. Бу Россиядаги иккинчи энг йирик пўлат заводи ҳисобланади.
Бир кун олдин эса Курск областида Михайловский кон-бойитиш комбинати (Россиядаги иккинчи энг йирик шундай корхона) дронлар ҳужумига учрагани, бунинг оқибатида ёнилғи сақланаётган резервуарлар ёниб кетгани хабар қилинганди. Украин манбалари ўз манбасига таяниб, Михайловский комбинатига ҳужум Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ўтказган амалиёт бўлганини ёзишди.
Ҳозирда Украина томони Россиянинг тўққиз ҳудуди бўйлаб дронларнинг ёпирилма ҳужуми юзасидан изоҳ бермаяпти. Россия ҳам ҳар куни Украина бўйлаб ўнлаб дронлар орқали ҳужумлар уюштириб келади.
Чегарадаги вазият
Аввалроқ дронларнинг тунги ҳужуми ва аҳоли яшаш манзиллари ўққа тутилгани тўғрисида хабар берган Белгород области губернатори Вячеслав Гладков кун ўрталарида Белгородда Росгвардия ходимлари яна бир дронни ўқотар қуролдан уриб туширганини маълум қилди ва бу орқали шаҳар ҳудудида кўча жанглари кетаётгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.
Бу вақтда Курск области губернатори Роман Старовойт Украина қуролли кучлари Теткино посёлкасини ўққа тутаётгани ҳақида хабар берди. Аввалроқ россиялик ҳарбий блогерлар Украина ҳудудидан кириб келган диверсантлар Курск (Теткино ҳудудида) ва Белгород областида чегарани кесиб ўтганини хабар қилганди.
Старовойтнинг сўзларига кўра, «диверсия-разведка гуруҳлари ёриб киришга уринмоқда, ўқотар қуроллар жангги бўлиб ўтмоқда, аммо ҳеч қандай ёриб ўтиш йўқ».
Кейинроқ ФХХ ушбу икки регион ҳудудида давлат чегараларини бузиб ўтиш мақсадидаги бир неча уринишлар кузатилганини маълум қилди. Россия махсус хизматлари душман тузилмалари катта йўқотишларга учраганини билдирган.
РФ мудофаа вазирлиги эса ўз пресс-релизида тунги соат учлар атрофида чегарани кесиб ўтишга биринчи уриниш кузатилгани, эрталабки соат саккиздан кейин эса Теткино ҳудудида чегарани бузиб ўтишга уринган яна тўрт гуруҳ ҳужуми қайтарилгани ҳақида маълум қилди.
Украина ҳукумати бу баёнотларга муносабат билдирмаган. Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси эса Россия ҳудудига ҳужум қилган гуруҳлар Россия фуқароларидан таркиб топганини эслатиб ўтган.
Мавзуга оид
15:47
Москва областига дронлар ҳужум қилди
11:06 / 14.10.2024
«Ҳизбуллоҳ» дрони Исроил базасига ҳужум қилди, тўрт аскар ҳалок бўлган
16:32 / 24.09.2024
Твер областидаги қурол омборларининг украин дронлари ҳужумидан кейинги кўриниши эълон қилинди
15:24 / 22.09.2024