Акмал Икромов – истиқлол ғоясидан коммунистик Ўзбекистон раҳбарлигигача
Бундан 86 йил олдин, 1938 йил март ойи ўрталарида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарларидан бўлган Акмал Икромов (компартия раҳбари) ва Файзулла Хўжаев (ҳукумат раҳбари) давлатга хиёнатда айбланиб отиб ташланган эди. Kun.uz аввалроқ Файзулла Хўжаев ҳақида материал тайёрлаган, бугун эса Акмал Икромов ҳақида маълумот бериб ўтади.
1937-1938 йилларда СССРда кейинчалик “катта террор” деб номланган кенг кўламли қатағон операцияси амалга оширилади. “Халқлар қотили” Сталиннинг бу шафқатсиз кампанияси сабаб турли бўҳтон ва туҳматлар билан 2 миллионга яқин одам ҳибсга олинади, 700 мингдан ошиқ киши отиб ташланади.
Иттифоқ бўйлаб қатағон қилинувчи инсонлар рўйхатини Ички ишлар халқ комиссарлиги, яъни НКВДнинг махсус учлиги шакллантирган. Тройка таркибига республикалардаги ички ишлар халқ комиссари, прокурори ва коммунистик партия биринчи котиби кирган. Шунга кўра, Ўзбекистон ССР тройкасида компартия раҳбари сифатида Акмал Икромов ҳам ўрин олган ва юзлаб инсонларнинг қатағон қилинишига бевосита жалб этилган.
Акмал Икромов 1898 йилда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида, мактабдор оиласида туғилган. 14 кишидан иборат катта оилада кўп моддий қийинчиликлар бўлганига қарамай, отаси Икром домланинг мактабида яхши таълим олишга эришган. Форс ва араб тилларини пухта ўрганиб, шарқ мумтоз адабиёти билан яқиндан танишган. 19 ёшлигида бўлажак сиёсатчининг онаси, кейинроқ эса отаси ҳам оғир касаллик туфайли вафот этади.
Акмал Икромов ёшлигида қурилишда ишлаган вақти рус ишчилари билан танишиб, уларнинг социалистик ғояларига қизиқа бошлаган. 1917 йилда Тошкентдаги педагогика курсларида ўқий бошлаган пайтдан эътиборан болшевиклар билан яқин алоқалар ўрнатган, 1918 йилда коммунистик партияга аъзо бўлган. Фаолиятининг бошида Наманган, Фарғона ва Сирдарёда турли лавозимларда ишлайди ва 1921 йилга келиб, 23 ёшида Туркистон Коммунистик партияси Марказий комитетининг масъул котиби этиб тайинланади.
Икромов 1922-1924 йилларда Москвада Свердлов номидаги коммунистик университетда таълим олган ва коммунизм ғоясига содиқ қолган. У Сталиннинг автономлаштириш ғоясига, яъни иттифоққа аъзо республикаларни юридик жиҳатдан ҳам Россияга тўлиқ қўшиб юборишга қарши чиққан ва ўз фикрларини очиқ-ойдин билдиришдан қўрқмаган. Москвада ўқиган йиллари унинг сиёсий фаолиятига катта таъсир қилган. 1924 йилда миллий чегаралар белгиланганидан кейин Тошкент вилояти компартияси, кейинчалик республика компартияси котиби сифатида ишлаган. 1929 йилга келиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Коммунистик партияси марказий комитетининг биринчи котиби этиб тайинланади.
Икромовнинг 7,5 йил давом этган раҳбарлик даврида СССРнинг Ўзбекистондаги бирламчи сиёсати аграр ва маданий соҳаларга қаратилган. Бу даврда ер-сув ислоҳоти ўтказилган, колхозлар ташкил этилган. Акмал Икромов Ўзбекистоннинг асосий пахта етказиб берувчи республика мақомини олишида айниқса катта рол ўйнаган. Хусусан, пахтачиликка доир мақолалар, илмий асарлар ёзган. Матбуотда туркийлик ва истибдод ҳақида фикрлар пайдо бўлиб қолганида эса, муаллифларни миллатчиликда айблаб, бу ғояларга қарши чиққан.
1937 йил августда, Сталиннинг “катта террори” бошланган вақтда Акмал Икромов лавозими тақозоси билан тройка таркибига киритилган. Қисқа вақт ичида бир нечта отув ва қамоқ ҳукмларини чиқаришда иштирок этган. Бу ҳукмларда, жумладан, юздан ортиқ ўзбекистонлик ўлимга маҳкум қилинган. Кўп ўтмай, сентябр ойида ўзи ҳам қамоққа олинган.
Икромов ўша давр тузумига қанчалик ихлос билан, фаол хизмат қилган бўлмасин, оммавий қатағонлар уни ҳам четлаб ўтмаган. Сиёсатчи Москвада ЎзССР халқ комиссарлари совети раиси Файзулла Хўжаев ва бошқа совет амалдорлари қаторида судланиб, давлат тузумини ағдаришда айбланган ва 1938 йилда, 39 ёшида отиб ташланган.
Ҳужжатларга кўра, Акмал Икромов 1918 йилда “Миллий истиқлол” номли ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилганини судда тан олган. Бу ташкилот эса, ўз номидан ҳам маълумки, миллий озодликни тарғиб қилган. Икромовнинг ушбу ташкилотдаги фаолияти унинг сиёсий фаолияти бошида истиқлолчилик ҳаракатининг тарафдорларидан бири бўлгани, кейинчалик коммунизм ғоясини қабул қилганини англатиши мумкин.
Акмал Икромов номи 1957 йилда СССР Олий суди томонидан тўлиқ оқланган.
Мавзуга оид
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024
Бир жиноят тарихи: қотиллик қурбони бўлган 72 ёшли актриса
15:11 / 13.10.2024