Ўзбекистон | 12:15 / 30.03.2024
5605
2 дақиқада ўқилади

Судлар раисларининг маҳаллий кенгашларга ахборот тақдим этиш қоидаси бекор қилинмоқда

Эндиликда судлар ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенат ялпи мажлисида айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун қулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Янги таҳрирдаги Конституцияда суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилган.

Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидланишича, қонун судялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид