Ўзбекистон | 22:21 / 16.04.2024
6274
4 дақиқада ўқилади

16 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Президентнинг Тожикистонга кутилаётган ташрифи, свет ва газнинг янги нархлари, 37 миллионга яқинлашган Ўзбекистон аҳолиси, ишдан олинган департамент раҳбари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Свет ва газ нархи ўзгармоқда

Ўзбекистонда 1 майдан эътиборан аҳоли учун энергия ресурсларининг янги нархлари эълон қилинди. Шунингдек, энергия истеъмоли учун ижтимоий меъёрлар ҳам белгиланди. Айрим манбаларга кўра табиий газнинг нархи 1 майдан эмас, 1 июлдан оширилади.

2019 йилнинг августидан буён 1 киловатт-соат электр энергиясининг нархи 295 сўм, 1 метр куб табиий газнинг нархи эса 380 сўм миқдорида ўзгармасдан келаётган эди.

Ўтган йиллар давомида нархларни оширишга бир неча бор уриниб кўрилди, бироқ пировардида нархлар ўзгармасдан келаётган эди.

Энди Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра электр энергиясининг 1 киловатт-соати учун нарх 450 сўм миқдорида белгиланди. Ойига 200 киловатт-соатгача бўлган ижтимоий меъёр бўйича шу нархда ҳақ тўланади. Истеъмол ортгани сайин нарх ҳам ошиб боради.

Газнинг нархи эса 1 метр кубига 650 сўм қилиб белгиланмоқда. Бунда иссиқ мавсумда ойига 100 метр куб, совуқ мавсумларда 500 метр куб меъёр белгиланган ва меъёрдан ошилгани сайин тўлов миқдори ҳам ошиб бораверади.

Нархлар оширилгани муносабати билан ижтимоий ночор қатламлар учун ёрдам пуллари ажратилиши назарда тутилган. 

37 млнга яқинлашган ўзбекистонликлар

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси қарийб 37 миллионга етди. Доимий аҳоли сони ҳар куни ўртача 1,8 минг кишига кўпаймоқда, дейилади Статистика агентлиги маълумотида.

2024 йилнинг 1 апрел ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси сони 36 млн 963 минг 262 кишини ташкил этган. 16 апрелга келиб аҳоли сони 36 млн 990 минг 128 нафарни ташкил этган.

Республика доимий аҳолиси сони ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,1 фоизга ошган.

Мамлакат аҳолиси 2024 йил бошидан буён 163,5 минг кишига кўпайган. 

Департамент раҳбари бўшатилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Шамсиддин Соҳибназаров ўз лавозимидан озод этилган.

Шамсиддин Соҳибназаров 2023 йилнинг 17 октябр куни президент фармонига асосан Бош прокуратура департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди. Бунгача у департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармасига раҳбарлик қилган.

Соҳибназаровнинг ишдан олиниши ҳозирча расман тасдиқланмаган. Шунингдек, унинг истеъфоси сабаблари, кейинги фаолияти ҳамда унинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. 

Ўзбекистон иқтисодиёти прогнозлари

Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича янги прогнозларни тақдим этди. Унга кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш секинлашиши кутилмоқда.

Жаҳон банки уч ой олдинги прогнозини 0,2 фоиз бандга пасайтириб, 5,3 фоиз деб белгилади. Осиё тараққиёт банки эса 5,5 фоизлик ўсишни кутмоқда. Ҳар икки ташкилот энергетикада кутилаётган нархлар ошиши уй хўжаликларининг даромадларига таъсир қилишини қайд этди.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши, шунингдек, халқаро молия бозорларидаги вазиятнинг кутилганидан кўра кескинроқ бўлиши прогнознинг янада пасайишига олиб келиши мумкин. 

Мактаб ўқувчиларига тақиқ

Мактаб ўқувчиларининг хорижга вақтинча чиқиш тартиби ўзгариши мумкин. Муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасига кўра, ўқувчи хорижий давлатга чиқишидан олдин мактаб директорининг розилиги олиниши талаб этиладиган бўлади.

Бу тартиб фақат ўқув йили давомида амал қилади, ёзги таътиллар чоғида эмас.

Вазирлик томонидан тайёрланган буйруқ лойиҳасига кўра, ота-оналар фарзанди билан бирга қайси хорижий давлатга кетиш сабабларини ва хорижда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда ўқув йили давомида мактаб директори номига ариза билан мурожаат этади. 

Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 апрел кунлари расмий ташриф билан Тожикистонга боради.

Таъкидланишича, ташриф чоғида икки томонлама ҳамкорлик ва икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ташриф доирасида 17-20 апрел кунлари Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид