Давлат мулкини хусусий мулкка айлантириш “санъати” – Деновда шундай ҳолат кузатилмоқда
2017 йилда Денов тумани ҳокими қарори билан 4 гектарлик истироҳат боғи 6 кунлик МЧЖга қонун ҳужжатларига зид тарзда ижара ҳуқуқи билан бериб юборилган. МЧЖ масъуллари ўтган муддатда боғдан ижара шартномаси тузмаган ҳолда текинга фойдаланиб келган. Кадастрлар палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси эса уни доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказиб юборган.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги 4 гектарлик маданият ва истироҳат боғи бир неча йилдирки тортишувлар марказига айланиб қолган.
Бунга 21 нафар тадбиркор фаолият юритиб келаётган боғ 2017 йилда туман ҳокимининг қарори билан 6 кунлик МЧЖга ижарага бериб юборилгани сабаб бўлмоқда.
“Кичик” МЧЖга катта совға
Истироҳат боғи Денов тумани ҳокимининг 2017 йил 29 августдаги қарори билан “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖга замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилиш шарти билан 49 йил муддатга ижара асосида фойдаланишга берилган.
Ҳокимнинг мазкур қарорига ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (2021 йил 22 февралдан ўз кучини йўқотган) келтирилган. Аммо ҳоким қарорининг Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид бўлган ўринлари бор.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси қарорида маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ амалий ишларни молиявий таъминлашда тадбиркорлик имкониятларидан кенг фойдаланиш, бунда боғ ҳудудидаги ерларни аттракционлар, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари қуриш учун танлов савдоси асосида (!) тадбиркорларга ижарага бериш белгиланган.
Шунингдек, қарорда маданият ва истироҳат боғлари туман (шаҳар) ҳокимликлари муассислигида давлат корхонаси шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши қайд этилган. Яъни истироҳат боғи Денов туман ҳокимининг қарорига мувофиқ давлат корхонаси шаклида қайта ташкил этилиши ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган намунавий тузилма асосида фаолият юритиши керак эди.
Бироқ Денов туманининг ўша пайтдаги ҳокими Б.Маматқулов давлат рўйхатидан ўтганига 6 кун бўлган, устав капиталида давлат улуши бўлмаган МЧЖга истироҳат боғини ҳеч қандай танлов савдосисиз, 49 йилга “совға” қилиб юборган.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси қарорида боғ ҳудудидаги ерларни ҳам танлов савдоси асосида ижарага бериш назарда тутилган. Аммо “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖга боғнинг ер майдони билан бирга ҳудудда жойлашган қариялар чойхонаси, маъмурий бино ҳамда 1370 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахт ҳам бериб юборилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда амалда бўлган “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат мулки юридик ва жисмоний шахсларга давлат мулкини ижарага бериш маркази орқали ижарага берилиши белгилаб қўйилган. Демак, 2017 йилда амалда бўлган қонун ҳужжатлари бўйича ҳам туман ҳокимида давлат мулкини ижарага бериш ҳуқуқи бўлмаган.
Хусусийлаштириш сари қадам
Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган 2010 йилги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2011 йилда Деновдаги боғга 21 нафар тадбиркор жалб қилиниб, уларга боғнинг бўш турган ерлари топографик чизма асосида ўлчаб берилган. 2015 йилга келиб бу тадбиркорлар шахсий маблағлари ҳисобига истироҳат боғини замонавий қиёфага келтиришган, аттракционлар ва кичик ўйин қурилмалари билан жиҳозлашган. Шунингдек, аҳолига бошқа пулли хизматлар кўрсатиб келишган.
“Афросиёб миллий боғлари” МЧЖ раҳбари Асрор Нарзуллаев Денов тумани ҳокимининг ноқонуний қарори билан бир думалаб 4 гектарлик боғнинг эгасига айланиб олгач, у ва тадбиркорлар ўртасида келишмовчилик юзага кела бошлайди. Ҳатто МЧЖ масъуллари томонидан айрим тадбиркорларнинг аттракцион қурилмалари бузиб ҳам ташланган.
Ўтган давр мобайнида МЧЖ истироҳат боғидан ижара шартномаси тузмаган ҳолда текинга фойдаланиб келган. Қолаверса, уни хусусийлаштириб олишга ҳаракат бўлган.
Жумладан, кадастр хизмати томонидан кўчмас мулк объектларининг давлат реестрига истироҳат боғига нисбатан 100 фоиз ҳуқуқ эгаси “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖ экани, ер доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан МЧЖга берилгани ҳақида маълумотлар киритилган.
Аслида, “Ижара тўғрисида”ги қонуннинг 9-бандига кўра, мол-мулкни ижарага бериш ана шу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бошқа кишига ўтказилишига олиб келмайди.
2024 йил 5 феврал куни Давлат кадастрлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Иномовнинг имзоси билан Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилояти бошқармасига хат жўнатилган. Унда истироҳат боғи 49 йилга ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилгани, бироқ бошқарма томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гап боради. Хатда мазкур ҳолатни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш комиссиясида кўриб чиқилишини таъминлаш топширилган. Бироқ орадан икки ойдан кўп вақт ўтганига қарамай ҳамон (2024 йил 18 апрел ҳолатига) маданият ва истироҳат боғи кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖ ҳисобида турибди.
Суд ҳоким қарорини бекор қилмади
Низоли ҳолат 2024 йил 6 март куни Термиз туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилган. Маданият ва истироҳат боғи ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган бир гуруҳ тадбиркорлар судга ариза ёзиб, Денов тумани ҳокимининг боғни ижарага бериш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраган.
Суд ишида жавобгар, яъни Денов тумани ҳокимлиги вакили Ж.Сафаров тадбиркорларнинг аризасини тан олмасдан, боғ туман ҳокими қарори билан “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖга 49 йил муддатга ижара асосида берилганлигини, у бугунги кунда “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖ номига давлат рўйхатидан ўтказилганлигини, боғда давлат улуши йўқлигини, истироҳат боғини жамият номига давлат рўйхатидан ўтказишда хатоликка йўл қўйилганлигини ҳамда у бугунга қадар тўғирланмаганлигини айтиб, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўраган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан тадбиркорларнинг аризасини қаноатлантириш рад этилган. Иш бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан Денов тумани ҳокимлиги ва Кадастрлар палатаси Сурхондарё вилояти бошқармасига нисбатан хусусий ажрим чиқарилган. Шунингдек, вужудга келмаган ҳуқуқ турининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари оқибатида давлат манфаатларига зарар етказилганлиги юзасидан прокурорга хабарнома чиқарилган.
Туман ҳокимининг биргина ноқонуний қарори занжир бўлиб, шунча қонунбузилиш ҳолатларига олиб келган. Орадан қарийб 7 йил ўтганига қарамасдан, боғ атрофидаги ноқонуний ҳаракатлар, баҳслар, тортишувлар ҳамон давом этмоқда.
Ҳолатга эътибор қаратилиб, қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмас, унга йўл қўйганларга чора кўрилмас экан, аҳоли бориб дам оладиган давлат мулки хусусий мулкка айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
18:39 / 30.08.2024
Тадбиркор товарларининг Ўзбекистонда эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланади
14:40 / 22.08.2024
Мактабга эмас, қамоққа: Деновда 9-синф ўқувчиси қамоққа олинди
12:50 / 22.05.2024
Сурхондарёда фуқаро ҳовлисида кўп миқдорда кўкнори ўстириб келаётгани аниқланди
21:33 / 16.05.2024