Иқтисодиёт | 18:51 / 08.05.2024
9095
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк 9 та банкни жаримага тортди, 16 та банк огоҳлантирилди

Марказий банкнинг банк назорати қўмитаси томонидан 2024 йилнинг апрел ойидаги йиғилишларда (7 марта) 49 та масала кўрилди ва уларда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фото: KUN.UZ / Муҳаммаджон Ғаниев

Йиғилишларда рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 34 та, хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (9 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш (1 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш (6 та), аудиторларга малака сертификатини бериш (2 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (13 та) билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Шу билан бирга, банклар ва тўлов ташкилотларида Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари (15 та масала) ҳам кўриб чиқилган.

Тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар учун 16 та банк ва 2 та микромолия ташкилоти чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Шунингдек, устав капиталининг миқдори “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштирилмагани сабабли 4 та банкнинг айрим операциялари чекланган ҳамда амалдаги қонунчилик ва Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмагани ва аниқланган қоидабузарликлар учун 9 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланган.

Бундан ташқари, қўмита томонидан банк тизими барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид