Жаҳон | 20:57 / 09.05.2024
6096
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ Зеленский ва Порошенко қидирувга берилгани ҳақидаги хабарни ўчирди

Оммавий ахборот воситалари бундай маълумотлар Россия ИИВ сайтидан йўқолиб қолганига эътибор қаратди.

Фото: Getty Images

Россия Ички ишлар вазирлиги сайтидаги қидирув хизматидан Украина президенти Володимир Зеленский ва собиқ президент Петро Порошенко ҳақидаги эслатма йўқолди, деб ёзди «Медиазона».

Зеленский ва Порошенконинг қидирувга берилгани ҳақидаги маълумотга 4 май куни РИА Новости эътибор қаратган эди.

«Медиазона» хабарига кўра, Украинанинг амалдаги ва собиқ президенти қидирувга берилгани ҳақидаги маълумот тизимга 22 февралдан олдин, Россия Ички ишлар вазирлигининг оккупациядаги Донецк вилояти навбатчи бўлинмаси томонидан киритилган.

Оммавий ахборот воситаларининг эътиборидан сўнг, Россия Ички ишлар вазирлиги Зеленский ва Порошенкони қидирувга бериш тўғрисидаги қарорни Тергов қўмитаси қабул қилганини таъкидлади.

Қайд қилинишича, Зеленский ва Порошенкога нисбатан ўзини ўзи эълон қилган ДХР хавфсизлик кучлари «тажовузкор уруш бошлаш ва олиб бориш», «тақиқланган уруш усулларидан фойдаланиш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган.

Россия Ички ишлар вазирлиги ўзининг қидирув хизматида Россия томонидан қидирувга берилган Украина амалдорлари ва европалик сиёсатчилар ҳақидаги маълумотларни мунтазам эълон қилиб боради.

Мавзуга оид