CIT: Белгороддаги уйга Россия ракетаси ёки авиабомбаси тушиб кетган бўлиши мумкин
Conflict Intelligence Team Белгородда кириш қисми қулаб тушган кўп қаватли уйга Украина ракетаси келиб урилгани ҳақидаги версияни эҳтимолдан узоқ деб ҳисоблайди. Таҳлилчилар фикрича, уйга Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси ёки авиабомбаси тушиб кетган.
Россия Мудофаа вазирлигининг 12 май куни Белгородда кириш қисми қулаб тушган кўп қаватли уйга Украина «Точка-У» ракетаси парчаси тушгани ҳақидаги версияси эҳтимолдан йироқ ҳолат, деб ҳисоблайди Conflict Intelligence Team. Катта эҳтимол билан уйга Россия ўқ-дорилари тушиб кетган, деди CIT асосчиси Руслан Левиев 13 май, душанба куни журналист Майкл Накининг YouTube-каналида.
Суриштирувчилар Белгороддан олинган фото- ва видеоматериалларни таҳлил қилиб, уйга шимоли-шарқдан зарба бўлган деган хулосага келишди. Левиевнинг сўзларига кўра, ҳужумнинг бу йўналишига, жумладан, бино деразалари шимоли-шарқий томондан сингани ва қарама-қарши томон, яъни Украинага қараган қисми бутун сақланиб қолгани далолат беради. «Украинанинг «Точка-У» ракетаси ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси таъсирида траекториясини уйнинг бу томонидан зарба берадиган тарзда ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги версия бизга эҳтимолдан йироқ туюляпти», деди CIT асосчиси.
«Келиш йўналишини ҳисобга олган ҳолда, энг аниқ версиялардан бири бу зенит ракетасининг зарбаси, масалан, С-300 комплексидан парчалар тарқалиши характерли излари кўлами. Биз бундай ракетанинг жанговар каллаги кириш қисмини қулатиш учун етарли бўлиши мумкинлигини тан оламиз», - деди Левиев.
Унинг сўзларига кўра, яна бир «яқин версия» - бу ФАБ-250 ёки ФАБ-500 авиабомбасининг универсал тузатиш ва режалаштириш модули (УТРМ)дан ғайритабиий равишда тушиб кетиши. «Ушбу версия портлашдан бироз олдин Харкив вилоятига қарата режалаштирилган авиабомбалар учирилгани ҳақида хабар берилгани билан тасдиқланади», деди CIT асосчиси.
«Уйга қандай ўқ-дори тушиб кетганини ҳали аниқ аниқлашнинг иложи йўқ, аммо бу Россия томони ҳаракатлари туфайли содир бўлган», - дея хулоса қилди Левиев.
Белгородда кўп қаватли уй кириш қисми қулаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Белгородда қулаб тушган кўп қаватли уй кириш қисмида қидирув-қутқарув ишларини якунлади. Қутқарувчилар бетон вайроналар остидан 32 кишини олиб чиқди – улардан 17 нафари қутқариб олинди, 15 нафари ҳалок бўлди, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.
Россия Мудофаа вазирлиги хабар тарқатди, унга кўра Украина томони Белгородни «Точка-У» ракета мажмуаси, «Ольха» ва RM-70 «Вампир» ялпи ўт очиш реактив тизимлари ёрдамида ўққа тутган. Россия ҳарбий бошқармаси маълумотларига кўра, уриб туширилган «Точка-У» ракеталаридан бирининг бўлаклари турар жой биносига зарар етказган. Шу билан бирга, Белгород губернатори Вячеслав Гладков турар жой биносининг кириш қисми «тўғридан тўғри снаряд зарбаси натижасида» қулаб тушганини айтди.
Левиев ва Наки Россияда 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган
2023 йил 29 август куни Москванинг Басманний туман суди Руслан Левиев ва Майкл Накини Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатишда айблаб, ҳар бирини сиртдан 11 йилга озодликдан маҳрум қилгани маълум бўлди. Шунингдек, уларга беш йил давомида интернетда материал жойлаштириш тақиқланган.
Наки мамлакатни 2021 йил ёзида, Левиев эса Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин тарк этган. Иккаласи ҳам Россияда «чет эл агентлари» деб, CIT эса - «номақбул ташкилот» сифатида эълон қилинган. 2022 йил май ойида Наки ва Левиев сиртдан ҳибсга олинган.
Мавзуга оид
12:03 / 28.08.2024
Россия матбуоти Украина Белгород вилоятига ёриб ўтишга урингани ҳақида хабар берди
14:18 / 17.08.2024
Курск, Брянск ва Белгороддаги Ўзбекистон фуқароларига эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилди
11:10 / 16.08.2024
Белгород вилоятида федерал даражадаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилмоқда
12:14 / 14.08.2024