Жамият | 19:06 / 15.05.2024
50041
9 дақиқада ўқилади

“Совет даврида 25 минг рублга олган “Волга” машинамдан айрилганман” (Ҳаётий ҳикоя)

“Волга”ни қишлоқ кўчаларида миниб юрар эканман, мендан бахтли одам йўқ эди. Бироқ бу бахт икки ойга ҳам чўзилмади... Кунларнинг бирида уйим олдига милиция машинаси келиб тўхтади. Ундан тушиб келган ходимлар машина ҳужжатларини сўрашди, бердим. Шундан сўнг улар мени ва “Волга”ни милиция бўлимига олиб кетишди”.

Ҳаётий ҳикоялар туркумидан бериб борилаётган навбатдаги ҳикоя қаҳрамони совет даврида “ГАЗ-24 Волга” машинасини сотиб олиб, фирибгарга чув тушган инсон.

У мактубида 1980-йиллар ўрталарида Россияда машинафурушдан “Волга” машинасини сотиб олганини ва эътиборсизлиги туфайли ундан айрилганини ҳикоя қилади.

“Яқинда Kun.uz’да “ГАЗ-24 Волга” машинасининг тарихи ҳақида ўқиб қолдим. Ўша мақолада “ГАЗ-24 Волга” машиналари Ўзбекистондаги магазинларга келмасди, уларни кавказлик ёки украиналиклар олиб келиб, устига катта пул қўйиб сотиб кетишарди” деб ёзилган экан, бу тўғри.

Бироқ машинафурушлар фақат кавказлик ёки украиналик эмасди, бошқа миллат вакиллари, шу жумладан руслар, ўзбеклар ҳам бор эди. Фақат кавказликлар ва украиналиклар бу ишнинг устаси бўлган.

Мен ҳам 1980-йиллар ўрталарида Россияга бориб “ГАЗ-24 Волга” машинасини айнан машинафурушдан икки баробар қимматига сотиб олганман. Бироқ ўшанда сотувчилар фирибгарлик қилган ва мен машинадан айрилганман. Бунинг тарихи қуйидагича бўлган:

Бизнинг туманимиз об-ҳавоси бироз салқин бўлгани учун азалдан пахта экилмайди. Асосан узумчилик билан шуғулланамиз. Узумзорлар фақат қуритиладиган навлардан иборат.

Совет даврида ҳам асосий даромадимиз ана шу узумзорлардан эди. Эсимда, 1978-79 йилларда Москва СССРдаги беш мингта район орасида фақат бизнинг районга ерларни халққа ижара асосида тарқатишга рухсат берди.

Шундан сўнг жуда катта қир-адирлар одамларга бўлиб берилди. Кимгадир 20 сотих тегди, кимдир бир гектар ер олди. Ижара шарти шундай эди – узумзор боғлар ҳосилга киргунича беш йил одамлар ер ҳақи учун ҳеч нарса тўламайди.

Боғлар ҳосилга киргандан сўнг колхоз узум ва майиздан режа белгилайди. Ер эгаси режани бажарса ҳосилнинг қолган қисми ўзига тегади. Шу тариқа, 1979-80 йилларда ижара ерга эга бўлган одамлар 1985 йилга келиб боғлардан ҳосил ола бошлади. Колхоз ҳосилнинг 20-30 фоизини олар, ортгани одамларнинг ўзида қоларди.

Ўша пайтларда майизларнинг нархи яхши бўлгани учун ижара боғлар шарофати билан одамларнинг қўли пул кўрди. Ўша пайтда менга ҳам бир гектар ер теккан, орадан беш-олти йил ўтиб узумзор боғимдан тонналаб майиз қуритадиган бўлгандим.

Бундан ташқари, ўша пайтда куздан баҳоргача савдо билан шуғулланардим ва боғдан чиққан майизларни Россиянинг турли шаҳарларига олиб бориб сотардим.

1986 йил кузида узумларни узиб қуритдик. Колхознинг ҳақини бердим ва қолган майизни ортиб Россияга жўнадим. Горкий (ҳозирги Нижний Новгород) шаҳрига бориб, 3-4 тонна майизни 2-3 та корхонага топширдим. 1-2 ҳафтадан пулларни беришди, қўлимда 30 минг рубл йиғилди.

Шундан сўнг ҳамроҳлар билан маслаҳатлашиб ўша ердан “ГАЗ-24 Волга” сотиб олишга қарор қилдим. Ўша пайтларда Горбачёв СССР тепасига келган, одамлардан “машинага пулни қаердан топдинг?” деб сўроқ қилиш тўхтаган эди.

Ўша пайтларда “ГАЗ-24” машиналарини магазинлардан топишнинг иложи йўқ эди. Биз Горкийдан бир машинафурушни топдик. У янги “Волга”си борлигини, ўшани менга сотишини айтди.

Шунда ҳамроҳлар “Қўй буни, қарашлари ғалатироқ экан, алдаб кетади” дейишди. Мен эса яна бошқа машинафурушни қидиргим келмади. Бунинг устига, ёши 45-50 атрофида бўлган машинафуруш яхши шарт айтди:

“Ўртоқ, машинани номингга шу ерда расмийлаштирамиз, пулини санаб берасан. Сен бир ҳамюртингни олиб қол, бирга кетамиз, машинани ўзим ҳайдаб, уйинггача олиб бориб бераман. Йўлда сарфлаган бензинимизнинг пули, еб-ичишга кетадиган харажатлар сенинг ҳисобингдан бўлади. Ўзинг миниб кетсанг ҳам шу харажатларни қиласан барибир”.

Унинг шартларига кўндим. Бориб машинани кўрдик, янги Волга ялтираб турарди.

Машинафурушнинг олдида яна бир одам турган экан, укам деб таништирди. Машинанинг нархини келишдик, 25 минг рубл бўлди. Уйгача олиб бориб беришгани учун қўшимча пул тўламайдиган бўлдим.

Машинани расмийлаштирдик, пулларни тўладим. Сўнг уни миниб йўлга тушдик. Ўзбекистонга бир неча кун деганда етиб келдик. Қишлоққа “ГАЗ-24” билан кириб келар эканмиз, ҳамманинг кўзи бизда эди.

Машинафурушга бир-икки кун меҳмон бўлиб дам ол, чарчоқларинг чиқса самолётга чиқариб юборман дегандим, негадир унамади. Зарур ишларим бор деб ортига қайтди.

Тан оламан, ўша пайтда уйимдаги шароит қиммат машина минишга мос келмас эди. Тузукроқ ҳаммом ёки ошхона йўқ. Уйдаги бошқа шароитлар ҳам ҳаминқадар эди.

Лекин ўша пайтда аввал шароитларни тўғрилаш ўрнига машина олиб миниш устуворроқ эди (ҳозир ҳам шундай).

Волгани қишлоқ кўчаларида миниб юрар эканман, мендан бахтли одам йўқ эди. Бироқ бу бахт икки ойга ҳам чўзилмади...

Кунларнинг бирида уйимнинг ёнидаги ариққа тушиб машинани ювиб тургандим, бирданига милициянинг УАЗ машинаси келиб тўхтади. Шунда юрагим орқамга тортиб кетди.

“Ҳозир қўлимни қайириб олиб кетишади ва машинани қайси пулимга олганимни сўрашади. Тамом, машинадан айрилдим” деб ўйлаб турган жойимда УАЗдан милиция ходимлари билан бирга машинафуруш Горкийда укам деб таништирган одам тушиб келди.

Уни кўриб ҳайрон бўлдим. “Бу нима қилиб юрган бўлса? Россиядан бекорга қидириб келмайди. Ҳойнаҳой машинада бирон нарсаси қолиб кетган бўлса керак”, деб ўйладим.

Милиция ходимлари машина ҳужжатларини сўрашди, бердим. Шундан сўнг улар мени милицияга олиб кетишди. Ходимлардан бири “Волга”ни миниб борди.

Милицияда машинафурушнинг укаси ёзган аризани кўрсатишди. Унда ёзилишича, акаси унга тегишли машинани сохта ҳужжатлар билан менга сотган. Шунга у тегишли органдан Волгасини қайтариб олиб беришни сўраган экан.

“Мол аччиғи, жон аччиғи”, шу жойда тутақиб кетдим. Терговчига “Волга”ни қандай олганимни, машинафуруш уни менга сотаётганда укаси ёнида бўлганини, пулларни Горкийда санаб берганимни, сўнг машинани уйимгача олиб келиб берганини айтдим.

Бироқ машинафурушнинг укаси мени Горкийда акаси билан бирга бир марта кўрганини ва машина сотмаганини айтиб туриб олди. Манзилимни эса нотариусдан олганмиш.

Терговчи мендан машина расмийлаштирилаётганда ҳужжатларга ким имзо қўйганини сўради, “акаси” деб жавоб бердим. Шунда у мен сотиб олган “Волга” машинафурушга эмас, унинг укасига тегишли экани ҳақидаги ҳужжатларни кўрсатди.

Менга ҳаммаси тушунарли бўлганди. Ака-укалар фирибгарлик билан шуғулланишади. Мижозни чалғитиб, бирига тегишли машинани иккинчиси сотади, ҳужжатларга имзо қўяди. Кейин акаси ёки укаси даъвогар бўлиб, машинани қайтариб олади.

Терговчига ҳам бу гапларни айтдим. Бироқ у эътиборга олмади. “Ўзбекистонда бўлганингиз учун шукр қилинг. Мен сизни жабрланувчи деб қайд этяпман. Россияда бўлганингизда фирибгарнинг шериги сифатида қамаб юборишлари ҳам мумкин эди. Акаси ҳозир фирибгарлик қилгани учун қидирувда. Ушланса унга қонуний чора кўрилади. Агар сарфлаб йўқ қилиб юбормаган бўлса, сиз пулингизни қайтариб оласиз” деди.

Шунда терговчига СССР катта ҳудудга эгалиги, бир ҳудудда жиноят содир этган шахс бошқа жойга бориб бемалол яшайверишини тушунтира олмадим.

“Ҳужжатларнинг барчаси даъвогар айтганидай бўлганини тасдиқлаб турибди. Мана, ўзингиз ҳам ҳужжатларни акаси имзолади деб турибсиз. Машина эса бунга тегишли. Сизнинг хатонгиз шундаки, машина ҳужжатларига синчиклаб қарамагансиз. Бу ўринда сизга ҳеч қандай ёрдам беролмайман”.

Шу тариқа ҳали икки ой ҳам минмаган Волгадан айрилдим. Фирибгар ушландими, йўқми, хабар бўлмади. Милициядан ҳам сўрамадим.

Кейинчалик, СССР парчаланиши арафасида машина нархлари арзонлашди. Шунда яна “ГАЗ-24”ни яна сотиб олиб миндим. Аммо биринчи “Волга”нинг алами барибир босилмади.

Кўп ўтмай Ўзбекистонга ҳам хорижий машиналар кириб кела бошлади. Бир пайтлар анча-мунча одам мина олмайдиган “Волга” уларнинг олдида оддий машинага айланиб қолди. Ҳозир эса...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид