Иқтисодиёт | 14:43 / 22.05.2024
8099
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 1,5 млрд доллар қийматидаги навбатдаги суверен халқаро облигацияларини чиқарди

Ўзбекистон ҳукумати умумий қиймати қарийб 1,5 млрд долларига тенг навбатдаги суверен халқаро облигацияларини 3 та валютада жаҳон молия бозорларига жойлаштирди. Жалб қилинган қарз маблағлари давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, жорий йилнинг 17 май куни АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлардан 76 нафар инвестор билан видиоконференция ҳамда 20–21 май кунлари 40 нафар йирик инвестор билан яккама-якка форматда учрашувлар бўлиб ўтган.

21 май куни буюртмалар қабул қилиниши эълон қилингач, кун давомида Ўзбекистон суверен халқаро облигацияларини сотиб олиш учун жами 5,5 млрд доллар миқдоридаги буюртмалар келиб тушган, жумладан:

  • АҚШ долларидаги (7 йиллик) облигацияларга — 3 млрд доллар;
  • евродаги (3 йиллик) облигацияларга — 2 млрд евро;
  • сўмдаги (3 йиллик) облигацияларга — 4 трлн сўм.

Қабул қилиб олинган буюртмалар асосида қуйидаги миқдордаги облигациялар жойлаштирилган:

  • 600 млн долларлик 7 йиллик облигациялар бўйича купон ставкаси 6,9 фоиз;
  • 600 млн евролик 3 йиллик облигациялар бўйича 5,375 фоиз;
  • 3 трлн сўмлик 3 йиллик облигациялар бўйича 16,625 фоиз;

“Қайд этиш лозимки, евродаги суверен халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш учун ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси БРМ облигациялари дастури доирасида чиқарилди. Мазкур дастур “Маблағларни тақсимлаш” ва “Лойиҳаларнинг Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига таъсири” бўйича ҳисоботларини тайёрлаш ва эълон қилишни ҳам кўзда тутади. Мазкур халқаро облигациялардан тушган маблағлар давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун йўналтирилади”, дейилади ИМВ хабарида.

Мавзуга оид