Жаҳон | 08:15 / 28.05.2024
7730
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореянинг айғоқчи сунъий йўлдоши учирилганидан кўп ўтмай портлаб кетди

Шимолий Кореянинг айғоқчи сунъий йўлдоши бўлган ракета-ташувчи учирилганидан бир неча дақиқа ўтиб портлаган, деб тан олди КХДР. Сеулга кўра, Россия Пхенянга сунъий йўлдошни учиришга ёрдам берган.

Фото: Ahn Young-joon/AP/picture alliance

Шимолий Кореянинг «Маллиген-1-1» айғоқчи сунъий йўлдошини олиб кетаётган ракета-ташувчи учирилганидан кўп ўтмай «парвози биринчи босқичида ҳавода портлади». Буни 28 май, сешанбага ўтар кечаси КХДР Давлат аэрокосмик муҳандислик бошқармаси тан олди. Шимолий Корея агентлигига кўра, ҳалокатга ракета двигателининг носозлиги сабаб бўлган.

Жанубий Корея ҳарбийлари 27 май куни кечқурун Шимолий Кореянинг ғарбий қирғоқларидан ракета учирилганини қайд этди. Сеул Шимолий Корея разведка сунъий йўлдоши учирилганидан бир неча дақиқа ўтгач, унинг ва ракета-ташувчи қолдиқлари КХДРнинг ўша ғарбий қирғоқлари яқинида денгизга қандай қулаганини кузатганини билдирди.

Япониянинг NHK телеканали ёнғин ичида қолган қолдиқларнинг денгизга қулагани тасвирланган видеони намойиш этди. NHK телеканалининг маълум қилишича, кадрлар 27 май куни кечки пайт Хитойнинг шимоли-шарқий қирғоқларидан суратга олинган. Бунгача расмийлар Япониянинг Окинава ороли аҳолисини бошпана топишга чақирган, бироқ тез орада огоҳлантириш бекор қилинган.

Сеул: Россия Шимолий Кореяга жосуслик сунъий йўлдошини учиришга ёрдам берди 

27 май куни эрталаб Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати Шимолий Кореянинг яқин кунларда сунъий йўлдошни учириш режалари ҳақида маълум қилди. Шимолий Корея ноябр ойида ўзининг биринчи айғоқчи сунъий йўлдошини учирди ва 2024 йилда орбитага яна учта шундай қурилмани чиқаришга ваъда берди. Жанубий Корея расмийларига кўра, Россия бу борада Шимолий Кореяга ёрдам бермоқда.

Шимолий Кореянинг иккинчи айғоқчи сунъий йўлдошини учиришга уриниш Сеулдаги саммитдан бир неча соат ўтиб, Жанубий Корея, Хитой ва Япония вакиллари Корея яриморолини ядросизлантириш бўйича қўшма декларацияни имзолаганидан кейин содир бўлди. Шимолий Корея 2023 йил сентябрида ўзини ядровий давлат деб эълон қилди ва сўнгги ойларда ядровий қурол олиб юришга қодир баллистик ракеталарни фаол синовдан ўтказмоқда.

Мавзуга оид