Ўзбекистон | 22:02 / 04.06.2024
6736
6 дақиқада ўқилади

4 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида муҳим қадам ташлади: бир қатор йирик монополистлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар бекор қилинади. Футбол ўйини вақтида ИИБ ходимларига тош отиб, қаршилик кўрсатган 13 киши қамалди. Ўзбекистонлик мерганлар Туркиядаги халқаро мусобақада чемпион бўлди.

ЖСТга интилиш жадаллашади

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги йўлида муҳим ўрин тутувчи президент фармони эълон қилинди. Фармон билан бир қатор йирик компанияларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади, импорт божлари қайта кўриб чиқилади, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар тугатилади, инвестиция битимлар ва маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўлиқ хатловдан ўтказилади.

Эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинаётган компаниялар рўйхатидан “Ўзметкомбинат”, “Ўзиккиламчиранглиметалл”, “Ўзтрейд”, “Ўзкимёимпекс”, “Ўзтелеком”, “Ўзгазтрейд” ва “Ўзэнергосотиш” каби монопол компаниялар ўрин олган. Хусусан, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги провайдерлар “Ўзтелеком” орқали эмас, тўғридан тўғри ўзлари мустақил равишда ташқи интернет тармоқларига уланиши мумкин бўлади. “Ўзгазтрейд” ва “Ўзэнергосотиш” эса табиий газ ва электр энергияси олди-сотдиси бўйича ягона операторлик ваколатларидан айрилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб, яъни 2 йилдан кейин давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар ва преференциялар бекор қилинади. 2025 йил 1 январдан бошлаб экспортчиларга тўлаб келинаётган субсидиялар ва амалдаги преференцияларни бекор қилиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, экспортчиларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан тақиқланмаган шаклда қўллаб-қувватлаш давом этади.

Фармонга асосан, 2024 йил августга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган барча маҳсулот тақсимотига оид битимларнинг тўлиқ хатлови ўтказилади. Шу муддатгача ҳукумат томонидан имзоланган барча инвестиция битимларни ҳам хатловдан ўтказиб чиқиш вазифаси топширилди.

Яна бир муҳим янгилик: 2025 йил 1 январдан бошлаб лойиҳа ҳужжатлари ҳали тасдиқланмаган ёки лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш қурилиш-монтаж ишлари билан параллел равишда олиб борилаётган қурилишларни давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тақиқланади.

Пойтахтнинг қоқ марказида ошкора жиноят

Тошкент шаҳри марказидаги собиқ МХХ биноси атрофида жойлашган дарахтлар ноқонуний кўчириб кетилгани бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.

Прокуратуранинг тасдиқлашича, “Muna Mag” МЧЖ томонидан соғлом ўсиб турган жами 53 туп қимматбаҳо навли кўп йиллик дарахтлар (эман, қарағай, айлантус ва бошқалар) белгиланган талабларга зид равишда ноқонуний равишда кўчириб олиб кетилган. Ҳолат юзасидан дарахтларни ноқонуний кўчирган компания масъуллари ва бунга имконият яратиб берган мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидлаш керакки, Kun.uz бу ҳолатда дарахтлар ноқонуний кўчирилаётгани ҳақида бундан 9 кун олдин хабар берган эди. Экопартия Бош прокуратурадан зудлик билан чора кўришни сўраганига эса 12 кун бўлди. Жиноят ишининг эртароқ қўзғатилиши, эҳтимол, бир қанча дарахтларни ўз жойида сақлаб қолишга имкон берган бўларди.

“Бахти Ташкентский” устидан суд бошланди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, унинг акаси, ўғиллари ва бошқалар – жами 37 кишига нисбатан очиқ суд жараёни бошланди.

Судланувчилар товламачилик, жиноий уюшма ташкил этиш, фирибгарлик, қасддан баданга шикаст етказиш, безорилик ва ЖКнинг бошқа моддалари бўйича айбланмоқда.

Дастлабки суд мажлисида прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Бахтиёр Қудратуллаев ва аксарият бошқа судланувчилар ўзларига қўйилган айбловларни рад этди. Фақат 3 нафар судланувчи қисман ўз айбига иқрорлигини билдирди. Шунингдек, судя ОАВ вакилларининг суд жараёнини ёритишига чекловлар белгилади. Суд ўз ишини 5 июн куни давом эттиради.

Футболдаги жанжал: 13 киши қамалди

Сурхондарёда ички ишлар ходимларига тош отиб, қаршилик кўрсатган 13 киши қамалди. Воқеа Олтинсой туманида 31 май куни рўй берган. Шу куни футбол мусобақаси пайтида тартибсизлик келиб чиққан, тартиббузарлар ички ишлар ходимларига ҳатто тош ҳам отишган.

Вилоят ИИББ хабарига кўра, футбол ўйини бошланишидан олдин томошабинлардан бири майдонни тарк этмасдан, мусобақани бошлашга халақит берган. Фуқаро уни майдондан чиқариш учун келган ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган. Кейин унга яна 12 нафар маҳалладоши қўшилиб, футбол майдонида шовқин кўтарган ва жамоат тартибини бузиб, мусобақа бузилишига сабабчи бўлишган.

Суд бу 13 кишининг барчасига 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Улар майда безорилик, ички ишлар орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва уларга қаршилик қилиш моддалари билан айбдор деб топилган.

Тошкентдан Иссиқкўлга автобус қатнай бошлади

Тошкентдан Иссиқкўлга мавсумий автобус қатновлари бошланади. Транспорт вазирлиги хабарига кўра, 10 июндан бошлаб Тошкент шаҳридан Қирғизистоннинг Чўлпонота (Иссиқкўл) курорт шаҳригача мавсумий автобус қатновлари йўлга қўйилади.

Қатновлар ойнинг жуфт кунларида, яъни кунора Yutong автобусларида амалга оширилади. Автобус соат 15:00 да Тошкент автовокзалидан жўнайди. Чипта нархи 300 минг сўм этиб белгиланган. Тошкент-Чўлтонота халқаро автобус йўналишида сафар вақти 20 соат, йўналиш узунлиги эса 1060 километрни ташкил қилади.

Ўзбекистонлик мерганлар – чемпион

Ўзбекистонлик мерганлар Туркиядаги халқаро мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди. Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 20−31 май кунлари Туркияда бўлиб ўтган “Энг илғор мерганлар жамоаси” мусобақасида ғолиб чиққан.

Мусобақада 11 давлатдан 36 та жамоа иштирок этган. Унда Ўзбекистон мерганлари турли шартларда беш марта рекорд ўрнатиб, юқори натижа қайд этган. Мусобақа якунларига кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари биринчи, мезбон Туркия иккинчи, Баҳрайн терма жамоаси учинчи ўринни эгаллаган.

Мавзуга оид