Ўзбекистон | 21:29 / 11.06.2024
6918
6 дақиқада ўқилади

11 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Қашқадарёда Ҳисорак сув омборидан сизиб чиққан сув ваҳимага сабаб бўлди, Қурбон ҳайитида дам олиш кунлари белгиланди, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида 1 млн экилмаган кўчат қўшиб ёзилгани маълум бўлди.

 

Ҳисоракдаги ҳодиса

Қашқадарё вилоятидаги Ҳисорак сув омборидаги техник тадбирлар вақтида тўғондан сув отилиб чиққан. ФВВ ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмагани, сув омборига шикаст етмагани ва вазият тўлиқ назорат остида эканини билдирди.

Шунга қарамасдан, аҳоли ўртасида ваҳима кўтарилган ва одамлар турар жойларини тарк эта бошлагани тўғрисидаги тасвирлар тарқалди.

Қайд этилишича, тўғоннинг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик-техник тадбирлар вақтида сув отилиб чиқиши ҳолати кузатилган.

Авария оқибатини бартараф этиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилган.

Кечанинг ўзида Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ҳисорак сув омбори олдида туриб, ҳолат бўйича аҳолини тинчлантириб видеомурожаат йўллаган. Масъуллар аҳолидан ваҳимага тушмасликни, ҳаммаси назорат остида эканини, ҳеч қандай жиддий хавф йўқлигини, ёлғон хабарларга ишонмасликни таъкидлаган.

Бугун фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев Ҳисорак сув омборининг қуйи қисмидан туриб, баёнот берди ва бу ерда ҳеч қандай фавқулодда вазият содир бўлмагани, шу сабаб хавотирга ўрин йўқлигини айтди.

“Ҳисорак сув омбори одатдагидек ишламоқда, барча хавфсизлик чоралари кўрилган ва унинг тошиб кетиш хавфи йўқ”, деди вазир.

Вазирга кўра, Ҳисорак ҳақида ваҳимали хабарлар тарқалганидан кейин сув омборига зудлик билан Тошкентдан мутахассислар етиб борган ва ҳолатни ўрганган. Ўрганиш давомида сув омборида фавқулодда вазият юз бермагани, сув омбори штат режимида ишлаётгани, омборнинг бирорта ҳам параметрида ўзгариш бўлмагани аниқланган.

Қўлдошевга кўра, ёғингарчилик кўп бўлгани туфайли Ҳисоракка сув йиғилиши бирмунча кўпайган, шу сабабли режали равишда сув ташлаш ишлари амалга оширилган. Бунда сув ташлаш пайтида сув ҳажми секундига 40 метр кубни ташкил этган, бу эса омборнинг лойиҳавий сув ташлаш қуввати (секундига 250 метр куб)га нисбатан анча паст.

“Шу соҳадаги мутахассис сифатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг раҳбари сифатида айтаман, ҳурматли ҳамюртлар, ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Бу ерда олиб борилаётган ишлар ҳаммаси штат режимида ва олдиндан режалаштирилган тизимда давом этяпти”, – деди вазир. 

Қурбон ҳайити белгиланди

Қурбон ҳайитининг биринчи куни 16 июн якшанба — дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 17 июн – душанба кунига кўчирилади, 18 июн – сешанба куни барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни бўлади.

Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Қарорга кўра, 2024 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 16 июн – якшанбага тўғри келиши муносабати билан юртимизда 16 июн Қурбон ҳайити байрами сифатида нишонланади. 

Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 17 июн – душанба кунига кўчирилади, 18 июн – сешанба куни барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни бўлади. 

«Навоийазот»нинг найранги

«Навоийазот» АЖ 2021-2023 йилларда минерал ўғит, поливинилхлорид ва формалин маҳсулотларини тегишли жадвал бўйича биржага чиқармаган. Таклифнинг сунъий равишда камайтирилиши ортидан нархлар 10 фоиздан 50 фоизгача қимматлашган. Бунинг оқибатида жами 20,5 млрд сўм асоссиз даромад олинган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, минерал ўғитлар бозорида устун мавқега эга бўлган «Навоийазот» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотишда нарх манипуляцияси аниқланган.

«Навоийазот» АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди, дейилади қўмита хабарида. 

Экилмаган 1 млн кўчат қўшиб ёзилган

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 541 та ҳолатда амалда экилмаган бир миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаевга кўра, яна 441 та ҳолатда 580 минг туп кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган.

Қайд қилинишича, баҳор мавсумида 139 млн туп дарахт экилгани тўғрисида электрон платформага маълумот киритилган. Бироқ 541 та ҳолатда амалда экилмаган бир миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган.

35 та ҳолатда етказиб берилган кўчатлар ўз вақтида экилмагани сабабли 19 мингдан ортиқ кўчат нобуд қилинган.

Ўтаев берган маълумотларга кўра, 7232 та ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланиб, ҳар бир нобуд қилинган дарахт учун 100 туп кўчатни коменсация тарзида экиш мажбурияти юкланган.

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари мораторий эълон қилиниши натижасида икки баробарга камайгани таъкидланмоқда —2020 йилдаги 10536 та ҳолатдан 2023 йилда 5472 тагача.

Табиатга етказилган зарар ва зиён учун компенсация тўловлари бўйича 400 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилган.

Мавзуга оид