Ўзбекистон | 16:33 / 12.06.2024
8998
3 дақиқада ўқилади

“ГАСН” раҳбари – инспекциянинг коррупцияга қарши курашиш рейтингида қониқарсиз ўриндалиги ҳақида

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси – коррупцияга қарши курашиш фаолияти энг қониқарсиз учта идорадан бири. Инспекция бошлиғи Козим Тўлаганов унинг раҳбарлигидаги идорага нима сабабдан бундай салбий рейтинг берилгани ҳақидаги саволга жавоб ололмаганини айтди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси (халқ тилида “ГАСН”) коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023 йилнинг энг қониқарсиз давлат идораларидан бири бўлди. Инспекция рейтингда 46 балл билан 3-ўринни эгаллади.

Kun.uz мухбири 11 июн куни инспекция бошлиғи Козим Тўлаганов бошчилигида ўтган матбуот анжуманида бунинг сабаблари ҳақида сўради. Тўлагановнинг айтишича, инспекциядагилар нега бундай салбий натижа қайд этилганидан бехабар.

“Бу саволга мен ҳали жавоб топа олганим йўқ. Сизларга айтишим мумкин, мана шу ерда ишлаётганимга ҳам 6-7 йил бўлиб қолди, қурилиш соҳасидаги назорат тизими шакллантирилган, ҳар бир инспекторда ўзининг вазифаси аниқ белгиланган. Шу шаффоф тизим орқали ҳар ким қаерда, нима қилаётгани бўйича менга ахборот беришади: “350 га яқин инспектор бугун 700 та объектда бўлди, шунча “предписание” берди” – бу ерда ҳаммасининг назорати турибди. Лекин биз қандай қилиб [рейтингнинг] ўша қисмига чиқиб қолдик деган саволга мен ўзим жавоб ололганим йўқ”,– деди Тўлаганов.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон қурувчилар ассоциацияси раиси Мансуржон Ниёзмуҳаммедов соҳани рақамлаштириш даражаси ҳақида маълумот берди.

“Ҳаммаси “Шаффоф қурилиш” платформасида рақамлаштирилган. Шунда ҳам бу ерда ҳаммасини ходим бажаради. Мисол учун, сиз давлат органига [қурилишга] рухсат олиш учун мурожаат қилдингиз, [бунда] тадбиркор билан коррупцион ҳолат бўлмаслиги учун мен уларни кўрмайман, улар ҳам мени кўрмайди. Ҳужжатлар киритилганидан кейин ягона дарча тегишли идораларга юборади, масалан, архитектурага, “ГАСН”га ва яна бошқа-бошқа идораларга. Улардан жавоб келади: “бўлади” ёки “бу ерда камчилиги бор” [дейди]. Мен улар билан алоқа қилмайман. Мана шу жиҳатдан рақамлаштирилган. Лекин барибир уни инсон кўради, яъни нормага мувофиқлиги, нормувофиқлиги бўйича барибир мутахассис кўради”, – деди Қурувчилар ассоциацияси раиси.

Қурилиш вазирлигининг яна бир вакили, Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот маркази директори Шерзод Содиқовга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги рейтингни тузиш методикасини тақдим этмаган.

“Масалан, сўров ўтказиш аудиторияси бор. Экспертлардан сўраганми, аҳолидан сўраганми – ўша методикасини тақдим қилмаган. Яъни бу нарсани қайси усул билан баҳолаган? Масалан, Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг охирги статистикасини кўрсангиз, ҳамма инспекторларда планшет бор. 350 та инспектор ўзининг фаолияти [ҳақидаги маълумотлар]ни ҳар куни платформага жойлаштириб боради. Бу, менимча, рақамлаштиришга киради. Олдин бунақа тизим бўлмаган”, – деди у.

Мавзуга оид