Ўзбекистон | 20:36 / 26.06.2024
6240
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентга келган Туркия мудофаа вазири билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти шу ой бошида Анқарага ташрифи вақтида турк ҳарбий-техника саноати тақдимоти билан танишган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 июн куни амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Туркия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Анқара шаҳрига 5-6 июн кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.

  • Шавкат Мирзиёев 6 июн куни Анқарага ташрифи давомида Туркия аэрокосмик компаниясида бўлган, бу ерда Ўзбекистон раҳбарига компания маҳсулотлари намуналари, хусусан энг янги Kaan қирувчи самолёти тақдимот қилинган эди.
  • Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар ушбу ташриф якунлари бўйича Kun.uz'га берган интервюсида Kaan қирувчи самолётларини Ўзбекистон ҳам сотиб олиши мумкинми деган саволга аниқ жавоб бера олмаслигини айтган, лекин Ўзбекистонда учувчисиз парвоз аппаратлари ва бошқа мудофаа маҳсулотларига қизиқиш катта эканини таъкидлаганди. “Бу қизиқиш яқин келажакда ўз меваларини, албатта, келтиради”, – деганди турк элчиси.

Мавзуга оид