Ўзбекистонда энергия ресурсларини меъёридан ортиқча сарфлаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Сенат ялпи мажлисида мамлакатда энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини, энергия сарфи меъёрлари ҳамда энергия аудит ўтказишни мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмаслиги қайд этилди. Сенаторлар энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.
Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенат хабарига кўра, ҳозирда мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқишни мақсад қилган. Бу ҳар йили 25 млрд куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 млн тоннага қисқартириш имконини беради.
Қайд этилишича, углеводород ресурсларининг чегараланганлиги, уларнинг камайиши энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш чораларини кўриш заруратини юзага келтирмоқда. Шу билан бирга, амалда мамлакатда энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини, энергия сарфи меъёрлари ҳамда энергия аудит ўтказишни мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас.
Давлат муассасалари ва ташкилотларида замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича энергия сервис хизматлари йўқлиги, шунингдек, тежаш ва самарадорликни ошириш йўналишида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишлари суст бораётгани ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Қонун энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, соҳага хорижий ва хусусий инвестициялар жалб этишни кўпайтириш, нарх шаклланишининг эркин ва шаффоф механизмларини жорий қилишга асосланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорларини ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади. Қонунда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, энергияни тежаш ҳамда самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиб-тамойиллари, электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада тежамли ва самарали фойдаланиш вазифалари ва қоидалари белгилаб берилмоқда.
Шунингдек, энергияни тежаш ва энергия самарадорлик талабларини бузганлик ва ресурсларни меъёридан ортиқча сарфлагани учун жавобгарликни белгилаш ҳам назарда тутилган. Ҳужжатда қурилиш ва транспорт соҳасида, бино ҳамда иншоотларда, иссиқлик таъминоти ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида, қишлоқ ва сув хўжалигида энергияни тежаш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш йўналишлари ҳам белгиланган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
10:40 / 06.11.2024
Психологик ёрдам кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:06 / 04.11.2024
2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлиши қатъий белгиланди
21:01 / 04.11.2024