“Ўлим жазоси жиноятларни камайтирмайди” — фаоллар билан суҳбат
Ҳар гал бирор мудҳиш жиноят рўй берганида, жамиятда зўравонлик даражаси ошиб кетаётгани, ўлим жазосини тиклаш кераклиги ҳақидаги мулоҳазалар кўпаяди. Аслида эса, ҳозир интернет ривожи билан жамият зўравонликлар ҳақида аввалгидан кўпроқ хабар топмоқда. Ўлим жазоси эса, шубҳасиз, жиноятчиликни камайтирмайди ва бегуноҳ инсонларнинг қатлига сабаб бўлиши мумкин.
Ўтган ҳафта 3 ёшли болага 12 марта пичоқ санчилиб, ўлдирилгани воқеаси кўпчиликни ларзага солди. Парламент қуйи палатаси вице-спикери Алишер Қодиров воқеага муносабат билдириб, бундай жиноятни қилганлар яшамаслиги кераклигини таъкидлади. Спикернинг бошқа бир ўринбосари Одилжон Тожиев эса Қодировнинг ўлим жазосига қилаётган шамасини нотўғри дея атаб, давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳам ҳаққи йўқлигини билдирди.
Kun.uz мухбири бу борада инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ва ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа билан суҳбатлашди. Уларнинг фикрича, аввало, жамиятимиз қўполлашиб бормоқда, лекин бу янги тенденция эмас. Бу аввал ҳам бўлган, бироқ медиа орқали бу каби хабарлардан воқиф бўлиш деярли имконсиз эди.
Ташановга кўра, 90-йилларда ҳам худди шундай депрессион кайфият ҳукм сурган. Қудратхўжа эса буни “ўтиш даври” дея атади ва Ўзбекистонда бу давр ниҳоятда чўзилганини урғулади.
“Кўп йиллар сўз эркинлиги, “ёмон хабарлар” бўлмади, “жаннатдан хабарлар” билан яшадик. Бугун эса бизни эшитаётган хабарларимиз ларзага келтиряпти. Лекин шундай воқеалар 90-йилларда ҳам, 2000-йилларда ҳам бўлган”, – дейди Қудратхўжа.
Кун тартибига чиққан мавзу – ўлим жазосининг қўлланишига эса икки суҳбатдош ҳам қатъий қарши эканини маълум қилди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Ташановнинг фикрича, Қодировдек шахслар, сиёсий партиянинг лидерлари бундай гапларни гапирмаслиги керак.
“Алишер Қодировнинг гапларига қайтсак, умуман фактларга асосланмаган фикр бўлди. Менимча, жаноб Қодиров ҳозир сайловолди депрессияда бўлса керак. Чунки сиёсий партиянинг, бўлиб ҳам “Миллий тикланиш” демократик партиясининг раҳбаридан бундай гап чиқмаслиги керак эди. Оддий одам, оддий мутахассис бундай гапирса, тушунишимиз мумкин, лекин бевосита эртага ҳукуматга келиб қолиши мумкин бўлган сиёсий лидердан бунақа гаплар чиқиши – тўғри эмас”, – дейди Ташанов.
Бугун дунёнинг 56 давлатида ўлим жазоси амал қилади. АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Россия, Эрон, Беларус кабилар ҳам шулар жумласидан. Лекин уларнинг аксариятида олий жазони қўллашга ё мораторий қўйилган, ёки деярли қўлланмаяпти.
Шуниси аниқки, ўлим жазосининг бўлиши жиноятларни камайтирмайди. Абдураҳмон Ташанов буни бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиш деб таърифлайди.
“Ўзбекларда бир гап бор: бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқма. Бургани тутолмайди-да, бутунлай кўрпани ёқиб юборади. Яъни ўлим жазоси ҳам жиноятларни камайтирмайди. Масалан, Ҳиндистон дедингиз, одам ўғирлашга Ҳиндистонда ўлим жазоси берилади. Лекин одам ўғирлаш бўйича бу давлат ҳалиям биринчи ўринда турибди. Ёки бўлмаса, Хитойда педофилияга ўлим берилади, Хитойда бу жиноятчилик ҳалиям авжида”, – дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари.
Суҳбатдошлар, шунингдек, ўлим жазосининг қайтарилиши – жамият учун хавф бўлиши, бегуноҳ одамлар ҳам ўлиб кетиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
09:30 / 23.10.2024