Ўзбекистон | 20:32 / 19.07.2024
4718
3 дақиқада ўқилади

Ипотекабанк жаримага тортилди – Рақобат қўмитаси

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси Instagramʼда “Ипотекабанк томонидан жорий қилинган “Супер” номли омонат тури бўйича жойлаштирилган рекламада қонунбузилиш содир этилгани учун банкка нисбатан иш қўзғатганди. Махсус комиссия Ипотекабанкни номақбул рекламага йўл қўйган деб топиб, уни жаримага тортди. Қонунчиликка кўра, номақбул реклама берганлик учун БҲМнинг 70 баробари миқдорида (23,8 млн сўм) жарима белгиланган.

Фото: Ипотекабанк

2024 йил 10 июлда Рақобат қўмитаси реклама бериш бўйича қонун талабларини бузгани учун Ипотекабанкка нисбатан иш қўзғатилганини маълум қилганди.

Ипотекабанк ўзининг Instagramʼдаги саҳифасида Супер номли омонат тури бўйича реклама жойлаштиргани, рекламада ушбу омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 26 фоиздан экани баён этилгани хабар қилинганди. Рақобат қўмитасининг ўрганишларига кўра, 26 фоизлик ставка дастлабки 3 ой учун амал қилиши, кейинги уч ой учун бу кўрсаткич 14 фоизгача пасайтирилиши маълум бўлган.

Рақобат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан ишларни кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссияси “Ипотекабанк” АТИБ томонидан номақбул (нотўғри) рекламага йўл қўйган деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилган.

“Маълумот ўрнида, Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”, - дейилади хабарда.

Хабарда банк қанча миқдорда жаримага тортилгани очиқланмаган. Рақобат қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан, жарима миқдорини иш доирасида эълон қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилгани, қонунчиликда белгиланган тартибда қўлланишини маълум қилди.

Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, номақбул реклама — нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама ҳисобланади. Қонунда номақбул рекламага йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, номақбул реклама берганлик, аксилреклама беришни рад этганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 340 минг сўмни ташкил қилади, демак банкка 23,8 млн сўм миқдорида жарима қўлланган.

Аввалроқ қўмита Korzinka реклама бўйича қонунбузилишига йўл қўйган деб топилгани ва унга молиявий жарима қўллаш юзасидан судга киритиш бўйича қарор қабул қилингани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид