Ҳайдовчилар неча марта тезликни оширганидан қатъи назар “права”си олинмайдиган бўлди
Қонунчиликка кўра, йилига 2 мартадан 4 мартагача кўчма радарга тушган ҳайдовчилар гувоҳномасидан айрилиши кўзда тутилган эди. Эндиликда ҳукумат қарори билан кўчма радарлардаги қоидабузарликларда ҳам стационар радарлардаги каби такрорийлик ҳисобга олинмаслиги белгиланди. Айни пайтда, ҳайдовчилар кўчма радар қайд этган тезлик ва унинг сертификати билан танишиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.
ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ва махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг 17 июл кунги қарорида кўзда тутилган.
Низомнинг аввалги таҳриридаги 31-бандга кўра, кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим.
Kun.uz аввалроқ ёзганидек, айни шу модда ҳайдовчиларга маъмурий жарима бўйича судга шикоят қилиб, жаримани бекор қилиш учун асос бўлаётган эди. Бунда, халқ тилида “учоёқ” деб аталадиган ёки одатда ЙПХнинг “Нексия-3” автомобилига ўрнатиладиган мобил радарлар тезлик оширилганини қайд этганида, низомда кўрсатилган талаблар бажарилмагани – ҳайдовчи радар қайд этган тезлик ва унинг сертификати билан таништирилмагани учун жарима қўллаш ҳақидаги қарорнинг қонунийлиги шубҳа остида қолаётганди. Бу масалада Олий судгача борган ҳайдовчилардан бири якунда ишни ўз фойдасига ҳал қила олганди.
Эндиликда юқоридаги низомнинг 31-банди ўзгартирилди. Янги таҳрирга кўра, кўчма фоторадар ва мобил комплекслар орқали аниқланган қоидабузарликлар бўйича жарима белгилаш тартиби стационар фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликларни расмийлаштириш тартиби билан бир хил бўлади.
Бу дегани, маъмурий баённома расмийлаштирилмайди, жарима солиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда ҳуқуқбузарнинг ўзи қатнашмайди.
Муҳим жиҳати шундаки, бунда ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳам инобатга олинмайди. Шу тариқа, тезликни оширганлик учун такрорий содир этилган қоидабузарликлар бўйича оширилган жарималар амалда ҳеч қайси ҳолатда қўлланмайдиган бўлди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддасига кўра, ҳайдовчилар тезлик билан боғлиқни қоидабузарликни бир йил ичида 2 мартадан 4 мартагача содир этса, ҳайдовчилик гувоҳномасидан 2 йил муддатгача маҳрум қилиниши белгиланган. Лекин бу оширилган жазо чоралари стационар радарларга тааллуқли эмаслиги белгиланган эди. Эндиликда бу тартиб мобил радарларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди.