Ўзбекистон | 20:25 / 23.07.2024
5075
3 дақиқада ўқилади

Хориждаги маҳкум ўзбекистонликлар жазони ватанида давом эттириши мумкинлиги белгиланмоқда

Янгилик «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Хорижий давлатларда жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилган ва жазони ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари жазо муддатининг қолган қисмини Ўзбекистонда давом эттириши мумкинлиги қонунчиликка киритилиши мумкин. Бу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилди.

Қайд қилинишича, янгилик «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Шунингдек, лойиҳада хорижий давлат ҳудудида ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ёки ушбу қилмишни содир этганидан кейин руҳий касалликка дучор бўлган шахсга хорижий давлат судининг унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурий чораларни қўллаш тўғрисидаги қарори бўлса, мажбурий даволашни Ўзбекистонда амалга ошириш учун қабул қилиниши мумкинлиги ҳам назарда тутилган.

Мажлисда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова лойиҳа ҳақида маълумот берар экан, қатор давлатлар билан маҳкумларнинг жазо ўташини Ўзбекистонда давом эттириш бўйича халқаро шартномалар имзоланганини таъкидлади:

– Бироқ бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида хорижий давлатлар судларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш, маҳкумларни топшириш ва қабул қилиш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақоми ҳамда жазо белгилашни тартибга солувчи қоидалар назарда тутилмаган. Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекси хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиш ва хорижий давлатга бериш тўғрисидаги алоҳида боб билан тўлдирилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга хизмат қилади, – деди Светлана Ортиқова.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мавзуга оид