Ўзбекистон | 21:21 / 25.07.2024
7293
6 дақиқада ўқилади

25 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

200 киловатт-соатлик ижтимоий норма устидан аризани рад этган Олий суд, ярим фоизга пасайган асосий ставка, Қорақалпоғистон ва Тошкентдаги аянчли автоҳалокатлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ярим йилда 6,5 млрд доллар ўтказма

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг маълум қилишича, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга пул ўтказмалари миқдори прогноздан икки баробар кўп – 6,5 млрд долларни ташкил этган. Бу меҳнат миграцияси географиясининг диверсификацияси давом этаётганидан дарак беради.

“АҚШдан келадиган пул ўтказмалари ўтган йилга қараганда 43 фоизга, Германиядан пул ўтказмалари 64 фоизга, Полшадан келадиган пул ўтказмалари қарийб 2 бараварга, Жанубий Кореядан пул ўтказмалари 1,9 баробарга ўсди”, – деган Нурмуродов.

Россиядан келаётган пул ўтказмалари улуши 77 фоизни ташкил этган, икки йил олдин бу кўрсаткич 82 фоиз бўлган. Пул ўтказмалари таркибида Қозоғистон, АҚШ ва Жанубий Кореядан келаётган маблағлар ҳам салмоқли ўринга эга.

Шунингдек, олтинсиз экспортнинг кўпайиши ва импортнинг мувозанатлашуви билан, сўмнинг айирбошлаш курси барқарорлашган.

Шу ва бошқа омиллар сабаб Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, 13,5 фоиз деб белгилаган.

Ажралишлар сони камаймоқда

Ўзбекистонда ўтган 6 ойда 22 467 та оилавий ажрим қайд этилиб, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 11,6 фоизга камайишига эришилди. 

Бу ҳақда АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ўтган даврда 127 минг 274 нафар хотин-қизлар, шундан, 89 минг 128 нафари касб-ҳунарга, 38 минг 146 нафари тадбиркорликка ўқитилди.

138 минг 486 нафар хотин-қизлар доимий иш ўринларига, шунингдек, ҳудудий ва тармоқ инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яратилган янги иш ўринларига ишга жойлаштирилди

Олий таълимнинг талабалари орасида хотин-қизларнинг улуши 50,1 фоизга етди. 

Хотин-қизларнинг олий таълимни олишлари учун яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланишларида уларга кўмаклашиш мақсадида эҳтиёжманд оилаларнинг 18 минг 481 нафар, камида беш йил меҳнат стажига эга олий маълумотга эга бўлмаган, 4 минг 587 нафар хотин-қизларга ўқишга кириш учун тавсияномалар берилди.

Олий суд 200 kWh лимит бўйича шикоятни қабул қилмади

Самарқандлик фуқаро Мардон Субҳанов Олий судга мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган ва 2024 йил 1 майдан кучга кирган ижтимоий нормани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Бироқ Олий суд судясининг 19 июндаги ажрими билан, аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилган. Судянинг изоҳлашича, фуқаронинг арзи маъмурий судга ҳам, фуқаролик ишлари бўйича судга ҳам, иқтисодий судга ҳам тааллуқли эмас. Шу сабабдан аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилган.

23 июл куни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ушбу ажрим устидан Субҳановнинг апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамаси вакили ўз нутқида бир неча сабабларни келтириб, 19 июндаги ажримни ўзгаришсиз, келтирган апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни сўради. Худди шундай, прокурор ҳам бу ажримни ўзгаришсиз қолдиришни сўради.

Якунда, апелляция ҳайъати 19 июндаги ажримни бекор қилишга асослар йўқ деб топди ва уни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳукумат қарорига Конституциявий суд баҳо беради.

Аянчли автоҳалокатлар

Йўлларда белгиланган тезлик режимига риоя қилмаслик аянчли автоҳалокатларга, инсонлар ўлимига сабаб бўлмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида Lacetti йўлнинг қарама-қарши томонидан келаётган Cobalt билан тўқнашди. ЙТҲ оқибатда 2 ҳайдовчи ва 1 йўловчи воқеа жойида, 5 киши шифохонада вафот этган.

22 июл куни содир бўлган автоҳалокатда 30 ёшли ҳайдовчи Lacetti машинасини бошқариб бораётиб бошқарувни йўқотган. Оқибатда Lacetti йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, Cobalt билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг Cobalt машинасида ёнғин ҳам келиб чиққан.

Тошкент шаҳрида Lacetti’нинг бетон устунга урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди.

Шаҳрисабз кўчасида юз берган ЙТҲда 2005 йилда туғилган ҳайдовчи ва 2006 йилда туғилган йўловчи олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Машина ичида бўлган 2005 ва 2006 йилда туғилган яна 3 нафар йўловчи шифохонага ётқизилган.

Самарқандда муҳим саммит бўлиб ўтади

Самарқанд шаҳрида 2025 йилда "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" олий даражадаги саммити бўлиб ўтади.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жосим ал-Будайвий бўлажак қўшма тадбирлар кун тартибини муҳокама қилди.

Мулоқот чоғида бўлажак тадбирларга, жумладан, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи олий даражадаги саммитига пухта тайёргарлик кўриш ва Бош котибият билан мамлакат ўртасида ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид