Қалбаки маркировкали товарлар савдоси учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда қалбаки рақамли маркировкаланган ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи, улгуржи ва чакана сотувчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этиш, бундай ҳолатларда маҳсулотларни мусодара қилиш режалаштирилмоқда. Рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдоси нақдсиз шаклга ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Унда белгиланишича, Солиқ қўмитаси 2024 йил 1 сентябрга қадар алкогол, тамаки ва пиво маҳсулотлари, маиший техника ва дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг «Asl belgisi» миллий ахборот тизимидан рўйхатдан ўтгани ҳамда рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилаётганини назоратга олади.
Қарор билан Солиқ қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар қалбаки рақамли маркировкаланган ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда улгуржи ва чакана реализация қилувчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган. Бунда ушбу маҳсулотлар мусодара қилиниши ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси алоҳида тузилма ташкил этилади. У рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши, яширин ишлаб чиқариш фаолияти ва қалбаки товарлар тарқалишига қарши курашиш орқали солиқ тушумларини тўлиқ таъминлаши зарур.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 ноябрга қадар рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз шаклда сотиш талабини белгилайдиган ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилган.
Қарорда белгиланишича, Рақобат қўмитаси онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассага уланган штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмаларнинг нархлари сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиши шарт бўлади.
Шу билан бирга, маркетплейслар учун маркировка қоидалари бузилганда жавобгарлик чораларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Мақсад биржалар ва электрон савдо майдончаларида сотувчилар учун «Asl belgisi» тизимида рўйхатдан ўтишни мажбурий қилишдан иборат. Январ ойидан бошлаб мазкур тизимда сотувчи иштирокини текширишни жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, маркировкаланадиган маҳсулотларни сотиш вақтида сканердан ўтказилгандан кейингина харид чекини чоп этиш тизимини жорий қилиш, тадбиркорликларнинг барқарорлик рейтинги бўйича баҳолашда маркировкалаш талабларининг бажарилишини инобатга олиш, импорт қилинаётган ва маркировкаланадиган маҳсулотларни божхонада маркировкаланган ҳолда эркин муомалага чиқаришга рухсат бериш, божхона декларациясида товарлар ва хизматларнинг идентификация кодини (МХИК) кўрсатиш ҳам таклиф этилмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасига 1 декабрга қадар «Савдо тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.
Мавзуга оид
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
08:50 / 20.09.2024
Солиқ қўмитаси икки банкни жавобгарлик чоралари тўғрисида огоҳлантирди
19:46 / 19.09.2024
Жамоат транспорти учун ҚҚС имтиёзи бекор қилинади
20:38 / 14.09.2024