Ўзбекистон | 07:36 / 10.08.2024
3255
2 дақиқада ўқилади

Корея Ўзбекистондан автомобил таъмирловчи усталарни иш билан таъминлайди

Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореядаги автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаларида иш билан таъминлаш тўғрисида келишиб олинди.

Фото: Дунё

Амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турган камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева бошчилигидаги делегация вакиллари Корея Автомобилсозлик саноати уюшмаси раиси Квак Ёл Чол билан учрашди.

Мулоқот чоғида Е-7 визаси асосида ўзбекистонлик ишчиларни Корея Республикасида жойлашган автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаларида юқори маош тўловчи ишларга жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Жанубий Корея томонининг маълум қилишича, Уюшма ҳузурида 6800 та шохобча мавжуд бўлиб, айни пайтда мазкур шохобчаларда 6000 нафардан зиёд ишчи кучига эҳтиёж бор.

Учрашувда Уюшма раҳбари томонидан мана шу эҳтиёжни ўзбекистонлик ишчилар, хусусан автомобил таъмирловчи усталар ҳисобидан тўлдириш таклифи ўртага ташланди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Раъно Турдибоева ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, Е-7 визаси асосида кириб келиши режалаштирилаётган ишчиларни Корея Республикасида меҳнат фаолияти давомида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ойлик маошларини вақтида тўлаш, ишчиларнинг ноқонуний фаолият юритишининг олдини олиш ҳамда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ташкил этишни назорат қилиш ўзаро ҳамкорликдаги муҳим жиҳат эканлигини алоҳида қайд этди.

Мулоқот якунида Корея Автомобилсозлик саноати уюшмаси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини уюштириш ва ташриф давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги "Ишга марҳамат" мономарказлари фаолиятлари билан таништиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид