Ўзбекистон | 17:13 / 12.08.2024
4903
4 дақиқада ўқилади

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди

Ҳозиргача Бухоро вилоятида 2 минг хонадон ва 750 та тадбиркор панеллар ўрнатган бўлса-да, тармоққа берилган электр учун бор-йўғи 292 тасига пули тўлангани танқид қилинди. Оқибатда панел ўрнатганлар рағбат сезмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигидаги видеоселекторда Бухоро вилояти мисолида тадбиркорларга кўпроқ шароит яратиш, ҳар бир туманни ихтисослаштириш, энергиядан оқилона фойдаланиш, яшил манбаларни кўпайтириш, туман идораларини самарали ишлашга ўргатиш кўриб чиқилди.

Икки ой олдин Бухорога ташрифда ҳамма муаммолар ечими кўрсатиб берилган эди. Ташрифдан кейин вилоятга 1,4 триллион сўм ажратилди. Бугун Президент томонидан имзоланган қарорларга мувофиқ вилоятга тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар, инфратузилмага 40 миллион доллар ажратилади. 

Вилоят ҳокими, уни ўринбосарлари, туман ҳокимлари шунга муносиб ишлаб, жойлардаги ташкилотлар олдига аниқ вазифа, ходимларига KPI белгилаб, ҳар куни аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди. 

Келгусида ҳар битта тармоқ ва вилоятдаги ҳақиқий аҳвол шундай таҳлил қилиниб, муҳокама ўтказилиши белгиланди.

Бухорода энг асосий масала – хизматларни ривожлантириш экани таъкидланди.

Қайд этилганидек, соҳани ривожлантириш муҳандислик ва фармацевтикада 23 фоиз, электротехникада 30 фоиз ўсишни таъминлайди.

Бухорода 584 та меҳмон уйлари, 122 та умумий овқатланиш, 18,5 мингта савдо, 30 та саломатлик ва фитнес марказлари бор. Лекин ҳар минг кишига ошхона ва ресторанлар сони Самарқанддан 10 карра кам.

Шофиркон аҳолиси 200 мингга яқинлашиб, вилоятда учинчи ўринга чиқди. Шундай бўлса-да, туман хизмат кўрсатиш бўйича вилоятда энг охирги ўринда.

Вобкент, Ромитан, Жондор туманларида олиб борилаётган намунали ишларни қайд этиб, Президент бошқа туманларда ташаббускорлик кўринмаётгани, марказий кўчалар ва массивларга янги қиёфа олиб кириш сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 62 та массив ва 54 та кўчани ривожлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Бу кўчалар овқатланиш, саломатлик, меҳмонхона, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилади, уларда 4 минг нафар тадбиркор учун шароит яратилади ва 6 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Уларда камида 5 та халқаро меҳмонхона ҳамда овқатланиш тармоқларини жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Президент саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Ҳар бир тумандан саноат ва хизмат кўрсатишга 20 гектардан ерларни белгилаб, лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди. 

Бундан буён қурилган хизмат кўрсатиш жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури йўлга қўйилади. Мутасаддиларга “хизмат ипотекаси”ни жорий қилиб, кредит ажратишни бошлаш топширилди.

Бухорода 900 миллион киловатт электр ва 400 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имкони борлиги қайд этилди. Бу умумий истеъмолнинг 20 фоизига тенг.

Йирик корхоналарда ускуналарни янгилаш ва аудит ўтказиш орқали 25 фоизигача электр ва газни иқтисод қилиш мумкин. 

Бухорода 200 минг кўчмас мулк объектида камида 3 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, 600 мегаватт қувват яратиш мумкин. Бу билан вилоят электр истеъмолининг яна 20 фоизи иқтисод бўлади.

Лекин, ҳозиргача 2 минг хонадон ва 750 та тадбиркор панеллар ўрнатган бўлса-да, тармоққа берилган электр учун бор-йўғи 292 тасига пули тўлангани танқид қилинди. Оқибатда панел ўрнатганлар рағбат сезмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга хонадон, маҳалла, панел ўрнатувчини бир-бирига боғлаб, аҳолига тушунтириш, панел қўйганларга тўловларни ўз вақтида тушириш ишларини ташкил қилиб, йил якунигача кескин ўзгариш қилиш топширилди.

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида Президент қатор топшириқлар берди.

Иқтисодий комплекс раҳбариятига аҳоли ва тадбиркорларга энергия тежамкор ускуналар ҳамда қуёш панелларини сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш топширилди.

Солиқ қўмитасига қуёш панели ўрнатгани учун ер ва мулк солиғи имтиёзини қўллашдаги чекловни олиб ташлаш вазифаси қўйилди.

Суюлтирилган газни аҳолига хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда етказиб бериш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритишга кўрсатма берилди.

Мавзуга оид