Мактаб мавсуми арафасида шифокор ўқувчилар иммунитетини ошириш бўйича тавсиялар берди
Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Қолаверса, олдинда — куз фасли. Демак, қарийб уч ойлик танаффусдан сўнг болалар организми яна ўқув мавсумига, мактаб режимига мослашиши керак. ССВ матбуот хизмати педиатр-шифокор Ноиба Азимованинг ота-оналарга тавсияларини келтирди.
— Иммун тизими — организмни турли микроб ва инфекциялардан ҳимояловчи қалқон, — дейди мутахассис. — Ўғил-қизларнинг тез-тез бетоб бўлиши, хасталик кўп қайталаниши — уларда иммунитет заифлиги белгиси.
Бунга кўпинча мактаб ўқувчилари танасида витаминлар танқислиги, ёмон уйқу, нотўғри овқатланиш ва доимий психологик стресс сабаб бўлади.
Чунки мактаб ёшидаги ўғил-қизлар организми маълум ритмларга мослашади. Шу боис, болани ёшлигиданоқ режимга кўниктирган маъқул. Бу — иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим омил.
Бошланғич синф ўқувчилари кечқурун соат 21:00 да уйқуга ётиб, эрталаб соат 7:00 да туриши мақсадга мувофиқ. Каттароқ ёшдаги болалар учун ётиш вақти бир соат – 22:00 гача сурилиши мумкин.
Ухлашдан аввал компютер, планшет ёки телефондан фойдаланиш уйқу сифатига салбий таъсир қилади. Оқибатда бош мияда мелатонин гормони ишлаб чиқариш камаяди. Бу эса тунда кортизол гормони миқдорини оширади. Оқибатда болада турли касалликларга мойиллик пайдо бўлади.
Қолаверса, меъёрий ҳордиқ иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм жараёни жадаллашиб, кичкинтойлар айни шу соатларда яхши ўсади.
Яна бир муҳим тавсия: бола кунига камида 4 марта таомланиши, яъни соат 7:30-8:00 да нонушта, 10:30-11:30 да иссиқ нонушта, 14:00-15:00 да тушлик қилиши, 19:00-19:30да кечки овқат танаввул қилиши мақсадга мувофиқ.
Фаст-фуд, тезпишар таомлар, газланган ичимликлар, “снек”лар, турли ширинликлар ўқувчилар организмини табиий витамин ва минераллардан маҳрум қилишидан ташқари, ҳар жиҳатдан соғлом ўсишига салбий таъсир кўрсатади.
Йодланган ош тузи, сархил мева-сабзавотлар истеъмоли, сув баланси фарзандлар саломатлиги учун муҳим. Иммунитетни оширишда табиий антиоксидант вазифасини ўтовчи асал ва вирусларга қарши самарали курашадиган саримсоқ пиёзнинг фойдаси катта.
А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошка, грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда қўл келадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Мавзуга оид
12:53
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
16:09 / 04.11.2024
Олимлар миянинг қаришини секинлаштирадиган ўйинни аниқлади
16:41 / 08.10.2024