Ўзбекистон | 21:14 / 15.08.2024
3506
5 дақиқада ўқилади

15 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Тадбиркорлик кодексини маъқуллаган Сенат, Тошкентда электрсиз қолган 3 минг хонадон, жаримага тортилган асакалик директор ва боғча боласини урган тарбиячи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сенат Тадбиркорлик кодексини маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг 15 августдаги йиғилишида Тадбиркорлик кодекси маъқулланди.

Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ҳужжатларнинг ниҳоятда кўплиги уларни амалда қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу нуқтайи назардан, Тадбиркорлик кодексига 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари, жумладан 9 та қонун бирлаштириляпти.

Кодексда «кичик», «ўрта» ва «йирик» бизнес мезонлари орқали тадбиркорлик субъектлари тоифаларга ажратилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда, уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда. Ҳозир улар 88 та фаолият тури билан шуғулланиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни камайтириш мақсадида 38 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари кодекснинг иловасида тасдиқланган.

Рўйхатга киритилмаган барча текширувлар эса Бизнес омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилади.

Давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланиши белгиланяпти.

Тошкентда 3 мингдан ортиқ хонадон электрсиз қолди

14 август куни Тошкент шаҳридаги «Л-Паркентский-1» электр тармоғи ва «Лафарга» подстанциясида носозлик юзага келди

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, бунинг оқибатида Мирзо Улуғбек ва Яшнобод тумани истеъмолчилари қисман, аниқроғи, 3140 истеъмолчи электр таъминотидан узилган.

Энергетика вазирлиги носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганини, қисқа вақт ичида бартараф этилишини билдирди ва келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради. Соат тунги 00:36 да ушбу тармоқларда юзага келган носозликлар тўлиқ бартараф қилиниб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.

Мактаб директори 34 млн сўм жаримага тортилди

Андижон вилояти Асака туманида мактаб ўқитувчиларини мажбурий ишларга жалб этган директор базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробарига тенг жаримага тортилди. Ўқитувчилар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб, ушбу ишларни мактаб директори кўрсатмаси асосида бажарган.

Асака туманидаги 37-мактабда ўқитувчилар оғир қурилиш ишларига жалб қилингани, аёл ўқитувчилар мактаб ҳудудида арава судраб, оғир юмушларни бажаргани тўғрисида хабар берилганди.

Ўқитувчилар асосан қурилиш чиқиндиларини ташиш билан шуғулланган. Улар ишга мактаб директорининг топшириғи билан чиққан. Иш жараёнида мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси йиқилиб, қўли синган.

Ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш давомида Меҳнат кодексининг 25-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори талабларини бузгани аниқланган.

Шу сабабли, Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (34 миллион сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланган.

Сурхондарёда боғча тарбиячиси 5 ёшли болани калтаклади

Facebook ижтимоий тармоғида тарбиячи аёл 5 ёшли болага қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалди. Маълумотларга кўра, воқеа 13 август санасида Сурхондарё вилояти Денов туманининг 16-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлган.

Видеода мустақиллик ҳақидаги шеърни ёдлатмоқчи бўлган ходим йиғлаётган тарбияланувчилардан бирига бақириб, гўёки тинчлантириш учун калтаклагани кўринади. Шунингдек, аёлнинг болаларга қарата “қўлинг тиззангда турсин”, деган буйруғи ва асабий оҳангдаги овози ҳам эшитилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Kun.uz'га ушбу ҳолат ўрганилаётганини, қўшимча ахборот тақдим этилишини маълум қилди.

Талаба озодликдан маҳрум этилди

Қашқадарёда газбаллон портлаши ортидан бир кишининг ўлимига сабаб бўлган талаба озодликдан маҳрум этилди.

Кўкдала туманида Наврўз сайлида газбаллон портлаши оқибатида 14 киши куйиб, турли даражада тан жароҳати олган ва бир киши кейинчалик вафот этган.

Ҳукмда келтирилишича, Тошкент Иқтисодиёт ва технологиялар институти талабаси бўлган 22 ёшли Б.Ш. Кўкдала туманида ўтказилган Наврўз байрами сайлига 27 литр сиғимдаги газбаллон олиб борган. У сайлда балиқ пишириб сотмоқчи бўлган.

Суд йигитни эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда айбли деб топди. Унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид