Жаҳон | 14:31 / 22.08.2024
2721
3 дақиқада ўқилади

Ғарб давлатлари ҳарбий хизматга мажбур украиналик эркакларни қайтаришда Киевга ёрдам бермайди

2022 йил 24 февралдан буён сафарбарлик ёшидаги 650 мингга яқин украиналиклар хорижга кетган. Ҳарбий кадрлар танқислигини ҳисобга олиб, Киев уларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Фото: Mehaniq / Shutterstock

Ғарб давлатлари Киевга ўз ҳудудида ҳарбий хизматга мажбур бўлган украиналикларни топиш ва уларни Украинага юборишда ёрдам беришдан бош тортди, деб хабар берди Bloomberg 21 август куни. Унга кўра, Украина президенти Володимир Зеленский икки томонлама учрашувлар доирасида иттифоқчилардан бу ҳақда сўраган. Бироқ, нашрнинг таъкидлашича, «Полшадан Венгриягача бўлган» давлатлар сиёсатчилари уруш давом этар экан, украиналик қочқинларни ўз ватанларига жўнатмасликларини айтишган.

Bloomberg таъкидлашича, Ғарб давлатлари қочқинларни қабул қилишида гуманитар жиҳатдан ташқари, иқтисодий томон ҳам мавжуд - ишчи кучи тақчиллиги. Хусусан, минглаб украиналик эркаклар уруш бошланишидан олдин узоқ йиллар Полша ва Чехияда ишлаган. Россия ҳужуми бошланганидан бери кўпчилик жангларда қатнашиш учун ўз ватанига қайтиб келди. Қурилиш ва транспорт каби тармоқларда ишчи кучининг чиқиб кетиши сезила бошлади.

650 мингга яқин сафарбарлик ёшидаги эркаклар Украинани тарк этди

Шу билан бирга, Украина расмийларига кўра, 2022 йил 24 февралдан буён сафарбарлик ёшидаги 650 мингга яқин эркак хорижга кетган. Ҳарбий кадрлар танқислигини ҳисобга олиб, Киев уларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда. 2024 йил 23 апрелдан Украинанинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларга консуллик хизматларини кўрсатишни тўхтатди, Украинага қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бундан мустасно.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба буни мамлакатда уруш кетаётгани ва хорижда қолиш сафарбарликка тортиладиган фуқароларни ватан олдидаги масъулиятдан озод қилмаслиги билан изоҳлади. «Агар бу одамлар у ерда, олисда фронтда кимлардир давлат учун курашиб, жонини берса, кимдир эса чет элда ўтириб, шу билан бирга, давлатдан хизмат кўрсатилишига ишонса, бу юз бермайди», - дея Кулебадан иқтибос келтиради Bloomberg.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирда 2022 йил февралида Россия кенг кўламли ҳужумидан кейин мамлакатни тарк этган 6 миллионга яқин украиналик хорижда қочқин бўлиб қолмоқда. Украина марказий банки прогнозларига кўра, 2024 йилда яна 400 минг киши мамлакатни тарк этади.

Мавзуга оид