Ўзбекистон | 11:57 / 23.08.2024
2302
9 дақиқада ўқилади

ССВ: Ангорда касалликларнинг олдини олиш бўйича янги тизим синовдан ўтказилмоқда

Сурхондарё — Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси. Тошкентдан қарийб 700 километр олисдаги вилоят. Шунга қарамай, бу узоқ ҳудудда пойтахтдагидан қолишмайдиган имконият ва шароитларни яратиш мақсад қилинган.

Президент тиббий бригадалар ишини нега танқид қилганди?

Президент ўтган йил 16-17 ноябр кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудуддаги 724 та маҳаллага бириктирилган 1 минг 390 та тиббий бригада касалликнинг сабаби билан эмас, кўпроқ оқибати билан шуғулланаётганини танқид остига олганди. Шу аснода аҳолининг эҳтиёжманд қатламига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни маҳаллабай, манзилли ва мақсадли таъминлашнинг янги тизимини амалга ошириш бўйича “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий этиш белгиланди.

Кўп ўтмай, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров бошчилигида бу йўналишда амалий ишлар бошланди. Ҳудуддаги чекка ва олис маҳаллаларга қадар кириб борилди. Ушбу манзиллардаги бирламчи тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилди. Шу тариқа тиббиётни халққа яқинлаштириш учун намуна сифатида танланган ва кейинчалик юртимизнинг бошқа туману шаҳарлари бўйлаб тажрибаси оммалаштирилиши белгиланган дастлабки ҳудуд Ангор тумани бўлди.

“Тез ёрдам”га чақириқлар озайди. Бунга қандай эришилди?

Умиджон БЎРИЕВ, Ангор туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари:

— Туманимиздаги 36 та маҳалла фуқаролар йиғинида битта кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та оилавий поликлиника ва 3 та оилавий шифокор пункти, 9 та маҳалла тиббиёт пункти 138 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатяпти. Аммо ўтган даврда касалликлар профилактикаси, уларнинг келиб чиқиш сабаблари билан курашиш масаласига етарлича эътибор қаратилмади. Шу сабабли Президентимиз ушбу йўналишда янгича механизмларни жорий этиш топшириғини берди. Чунки бирламчи бўғин яхши ишлаган ҳудудда касалликлардан ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари, эрта ва кам вазнда туғилиш ҳолатлари, мураккаб операциялар учун ихтисослашган марказларга мурожаатлар, сурункали хасталиклардан азият чекувчилар сони кескин камаяди. Бу амалиёт ҳозир Ангорда синовдан ўтказилмоқда.

Дастлабки иш тиббий хизматга реал эҳтиёжни аниқлашдан бошланди. Туман аҳолисидан 137 минг нафарга яқини хатловдан ўтказилиб, уларнинг электрон рўйхати шакллантирилди. Шулардан 39 минг нафардан зиёдида касалликлар аниқланди. 58,8 минг нафар аҳоли соғлом, 38,6 минг нафари зарарли одатларга эга, жисмоний нофаол, 39 минг нафарида сурункали касалликлари мавжуд ва 3,8 минг нафардан ортиғи ногиронлиги бор шахслар экани аниқланди.

Кейинги босқичда 39 мингдан ортиқ беморларни даволаш режалари тасдиқланди. Унга мувофиқ, 2023 йил 15 декабрдан 2024 йил 1 июлга қадар 27,3 минг нафар бемор амбулатор, қарийб 1,2 минг нафари туман ва 590 нафарга яқини вилоят ва 56 нафари республика шифохоналарида соғломлаштирилди. Бир гуруҳ беморларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Эътиборлиси, Ангорда бирламчи бўғинда амалга оширилаётган шу каби ибратли ишлар натижасида туманда яшовчилар томонидан тез тиббий ёрдамга чақириқлар ўтган йилнинг шу даврга нисбатан 13,7 фоизга, кутилмаган чақириқлар 14 фоизга, сурункали касалликларга чақириқлар 11 фоизга камайди.

Ҳамширалар хонадонларга скутерда боряпти

Қўзи Тўлаков номидаги оилавий поликлиника — Ангордаги энг намунали бирламчи тиббиёт муассасаларидан бири. Туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган шифо маскани 9 минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бу ерда 5 та тиббиёт бригидаси фаолияти йўлга қўйилган.

Сафар АБДИЕВ, Қўзи Тўлаков номидаги оилавий поликлиника мудири:

— Мақсадли тиббий текширувлар, патронаж хизмати, индивидуал даволаниш режалари ўз самарасини бермоқда. Айтайлик, хасталик аниқланган бемор оилавий шифокор йўлланмаси билан шифохонага даволаниш учун ётқизилди. Бу ерда шифокорлар унинг касаллик тарихига қандай укол-дорилар билан муолажа ўтказилганигина эмас, балки шу хасталикни енгиш учун қандай жисмоний машқлар қилиш лозим, қандай таомланиш керак, қанча пиёда юриш зарур, дориларни қай тартибда қабул қилиш каби тавсияларни ҳам батафсил қайд этади. Бемор уйга қайтгач, унинг касаллик тарихидан кўчирма оилавий шифокорга ҳам етиб келади. Натижада тиббий бригада беморнинг шу тавсияларга қатъий амал қилишини патронаж ҳамширалари орқали назорат қилиб боради.

Ҳозир оилавий поликлиникадаги ҳар бир тиббий бригада ўзига бириктирилган участкада қанча бемор бор, қанчаси соғлом, қанчаси даволанишга муҳтож, қанчаси ортиқча вазнга эга, қанчаси чекувчи, қанчаси спиртли ичимликлар истеъмол қилади... буларнинг барчаси ҳақида аниқ маълумотга, электрон базага эга. Туман бўйича қатор тиббий бригадалар замонавий скутерлар билан таъминланган. Шундан 10 таси мазкур оилавий поликлиника ихтиёрида.

Дилноза ҚОДИРОВА, патронаж ҳамшираси:

—    Янгича тизим асосида 8 ойдан кўпроқ вақт ичида ўзимга бириктиритилган аҳолидан 12 нафари чекишни ташлади. 65 киши ортиқча вазндан халос бўлди. Лекин одамларни эргаштириш осон бўлаётгани йўқ. Шу сабабли ўзимиз ўрнак бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Биласиз, Сурхондарёда сергўшт, ёғли, хамирли таомлар кўп ейилади. Оиламизда кечки овқатга салатлар истеъмол қилишни одатга айлантирдик. Нон ейишни камайтирдик. Мана, ўзим йил бошидан бери 14 килограмм оздим. Буни кўриб, аҳоли ҳам соғлом турмуш тарзига амал қила бошлади....

Саратонга чалинган отахон қандай қилиб соғайди?

Патронаж ҳамширасининг навбатдаги манзили — Ангор туманининг Баҳор маҳалласида жойлашган Бекмуродовлар хонадони. Оила бошлиғи — Сафар ота 60 ёшда. 2021 йилда онкологик хасталикка чалинган. Давлатимиз кўмагида юқори технологик операция ва тиббий муолажалар орқали саломатлигини тиклаган. Унинг тўлақонли соғлом ҳаётга қайтиши эса оилавий поликлиника тиббий бригадасининг доимий эътибори ва ғамхўрлиги билан боғлиқ.

Сафар БЕКМУРОДОВ, Илғор маҳалласида яшовчи фуқаро:

— Даволаниш, операция харажатларим давлат томонидан қопланди. Уйга қайтгач ҳам, эътибордан четда қолганим йўқ. Кунда-кунора патронаж ҳамширалари келиб, соғлигимдан хабар олиб турибди. Уларнинг тавсияси билан соғлом овқатланиш, жисмоний машғулотлар билан шуғулланишни кун тартибимга киритдим. Ҳозир қон босимим меъёрида. Касалликлар, оғриқлар безовта қилгани йўқ...  

Соғлом оилаларни энди махсус стикерлар орқали фарқлаш мумкин!

Бўлажак онанинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши ўта муҳим. Аммо илгари бу ҳақда ҳомиладор аёлларга керакли маълумот берилмаган. Онадан болага ўтадиган баъзи инфекциялар, касалликлар тўғрисида опа-сингилларимиз етарли даражада хабардор бўлмаган. Кўкрак сутининг аҳамиятини яхши англамаган оилаларда чақалоқларни сунъий озиқлантириш ортгани ҳам сир эмас. Бу ҳам болалар ўртасида турли хасталиклар кўпайишида бош омиллардан бири бўлиб хизмат қиляпти. Президентимиз ташаббуси билан бирламчи бўғинда доя ҳамшираси штатлари жорий этилиб, улар тиббий бригада таркибига киритилиши ҳомиладор аёлларни скрининг текширувларига йўналтириш, уларни тиббий назорат қилиш, соғлом фарзандлар дунёга келиши, чақалоқларни туғуруқдан кейин парваришлаш борасида ижобий натижалар учун асос бўлмоқда.

Айтиш жоизки, Ангорда хонадонлардан 9 436 мингтаси “Энг саришта хонадон”, 2 875 таси “Жисмоний фаол хонадон”, 687 таси “Спортчилар хонадони”, 5 133 таси “Зарарли одатлардан холи хонадон”, 3 798 таси “Тўғри овқатланадиган хонадон” каби тоифаларга ажратилиб, уларга махсус стикерлар ёпиштирилган. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи бўйича тумандаги намунали хонадонлар рейтинги жорий этилди.

Ана шундай ибратли оилалардан бири Илғор маҳалласида яшайди. Хонадон аъзоларининг каттаю кичиги спортга ошно. Тўғри овқатланиш рационига қатъий амал қилади. Хусусан, 64 ёшли онахон Жамила Қуллиева соғлом турмуш тарзи туфайли юқори қон босими ва бошқа сурункали касалликлардан халос бўлганини мамнуният билан таъкидлайди.  

Президентимиз қўйган талаб ва вазифалар аниқ. Бунга қадамба-қадам эришилмоқда... Тиббиёт халққа яқинлашяпти... Энди касалликларнинг оқибати билан эмас, кўпроқ сабаби билан курашишга киришилди. Натижада аҳоли ўртасида турли оғир ва хавфли хасталикларга чалиниш кўрсаткичлари камая бошлади... Бирламчи тиббий хизматдан кутилган пировард мақсад — аслида шу! Ангор тажрибаси айни жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир!

Мавзуга оид