“Химикат”сиз пишган тарвузлар — қирни ўрмонга айлантираётган Отабек ҳикояси
Отабек Нуриддинов Асака тумани адирлигидан 220 гектар ер олиб ўрмонзорга айлантиришга астойдил бел боғлади. Бир неча ой ичида 3 гектар ерни кўкаламзорлаштиришга улгуриб, эндиликда бутун қирликни яшилликка буркамоқчи. Адир тепасига уй қуриб оиласини кўчириб келди. Километрлаб масофадан сув келтирди.
Отабек адирликка сув чиқариш учун ўз ҳисобидан 250 миллион сўм маблағ сарфлади. У эндиликда ҳовузлар сонини кўпайтириб иссиқхона қурмоқчи. Қирликда кўчат етиштириб, улкан ўрмон барпо қилмоқчи. “Биринчи ҳосилим пишиб етилди, тарвуз, маккажўхори, бодринг ва ошқовоқларни узиб келиб ейишни бошладик”, дейди у.
“Инсон ҳаётда келажак авлод учун нимадир қолдириши керак деб ўйлайман. Қирликни обод қилишимдан мақсад ўзимдан яхши ном қолдириш аслида.
Тасаввур қилинг, вақти келиб бепоён қирлик яшил дарахтзорга айланса. Одамлар учун бу чўлни яшнатиш хаёлий нарса аслида. Қилаётган ишларимни кўрган одамлар бу бола бошқа сайёрадан тушдимикан деб устимдан кулишди. Қирда эккан ниҳолларим кўкка бўй чўзганидан кейин уларнинг менга бўлган муомаласи ўзгарди. Амалга ошириш мумкинмас деб ўйланган ишни бажардик, бу ерда дарахтлар, кўчатлар яшил бўлиб ўсмоқда.
Сув масаласида ёрдам берган Хушнуд ака Ҳамидовга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Тармоқдаги, техника масаласидаги муаммоларга ҳам ёрдам берди.
Бу ерда ҳеч қандай инфратузилма йўқлиги учун ҳам одамлар ишлаш учун келмади. Боғбонлар ҳам тоғсимон ерда дарахт униши қийин деб ҳисоблашди. Шунча ер бекор ётганидан фойдаланишимиз зарур деб ўйладим. Дунё ҳамжамияти ҳам энг муаммоли ерлар Ўрта Осиё ҳудудида деб таъкидлашади. Шу сабабдан ҳам дарахтлар экиб, ҳавонинг тозалигига эътибор беришни ният қилган эдим.
Асака туманида бундай тоғсимон ҳудудлар кўп, аҳоли жуда зич жойлашган. Бу ерларда деҳқончилик қилиш, экин экиш қийин бўлса ҳам дарахт ўтқазиш мумкин. Мана, ҳозир ҳам адирнинг чўққисига чиқиб келдингизлар. Бу ерда на йўл, на бошқа инфратузилмалар бор. Энергия борасида қуёш панелларидан фойдаланяпмиз, қуёш панеллари ёрдамида насосларни ишлатяпман, юргизяпман. Бошқа жойларда ҳам қуёш, шамол генераторларини қўйиб туриб, дарахтларни суғорса, электр билан таъминласа бўлади.
Бир одам кунлик нафас олишини таъминлаш учун 2,5 туп дарахт экиши керак экан. Бутун дунё олимлари Ўзбекистонда экология ёмонлашиб бораётганини таъкидламоқда, аммо дарахтларни кесишда давом этяпмиз. Тўғри, экоҳудуд деган нарсалар ҳам бор, аммо лойиҳадаги дарахтларни ҳисобласа Ўзбекистон яшил дарахтлари бисёр ҳудудга айланиши керак эди.
Тарихдан маълумки, Япония Кореяни босиб олган даврда у ердаги кўплаб дарахтларни кесиб юборишади. Ўшанда бутун халқ ҳашар йўли билан ўрмонзорлар ташкил этган. Ютубда видеони кўриб илҳомландим ва улар қилишган-ку, нега биз қила олмаймиз, деб ўйладим ва бутун бор моддий бойликларим билан шу ишни бошлаб юбордим. Бу ерда бизнинг ишимиз секин бўлишини таъминлаётган нарса моддий томондан ёрдамнинг йўқлиги, чунки ўрмон ҳосил қилиш учун дарахтлар хилма-хиллиги бўлиши керак.
Асосан қайрағоч экяпман бу ерга, аммо бошқа дарахт кўчатларини ўтқазиш режада бор. Бундан ташқари ўрмонда зичлик ҳам бўлиши керак, қуёш нури ерга кам тушиши керак. Ердаги сувнинг камайишига, қуруқ қум ҳосил бўлишига ҳам сабаб дарахтларнинг камлиги ҳисобланади. Агар дарахтлар кўпайса, ҳайвонлар ҳам кўпаяди, шунингдек, дарахт ўзига ёмғирни ҳам чақиради.
Ҳозирги кунгача 250 миллиондан ортиқ маблағ сарфладим. Қувурлар ўтказиш керак, аммо иш тўхтаб турибди. Яна иссиқхона ҳам ташкил этишимиз керак. Бу иссиқхонада турли давлатлардан келган ватандошларимиз олиб келган уруғларни экиб, ундиришимиз керак. Куз ҳам яқин, бу ерда кўчат эксак, анча фойда бўлади.
Ижтимоий тармоқда кўпчилик ёзади, кўчат экамиз, борамиз деб. Аммо мен уларга барча шароитларни қилиб беришим керак. Шунга маблағ борасида озроқ қийналиб қолганмиз. Ошқовоқ, тарвуз, кунгабоқар уруғларидан олиб қўйган эдим, уларни экиб кўрдим. Анча яхши ҳосил берди. Уларнинг ичидаги ўтларни ҳам юлмаяпмиз, ердаги намликни таъминлаши учун.
Ҳаётимда биринчи марта бодирингга шира тушмаслигини шу ерда кўрдим. Экинларга кимёвий дорилар сепмасам-да, ҳосил яхши беряпти. Қовун, тарвузлар ҳам анча катта бўлиб кетмоқда, бозорларда ҳам бундай қовун-тарвузлар кам учрайди. Анчагина катта. “Химикат”сиз пишган тарвузни шу ерда биринчи марта едим.
Қирга қизларим, оилам билан келганмиз. Бир қизим 6-синфга, яна бири 4-синфга кўчди. Улар ҳам ўзлари бу деҳқончиликка, дарахт экишга қизиқишяпти. Экаётган дарахтларини ижтимоий тармоқларга олиб чиқишмоқда, улар ҳақида маълумотлар келтиришмоқда.
Худо хоҳласа кўчат экишни бу йилдан бошладик, 220 гектар ер билан чегараланиб қолишни хоҳламайман. Аллоҳ қанча умр берган бўлса, дарахт экишни мақсад қилганман. Насиб қилса, 1 000 гектар ерда ўрмонзор яратаман.
3 ойдан бери шу адирликда меҳнат қиламиз, ўзимиз етиштирган тарвузларимизни сўйиб едик. Мазаси анча яхши, бозордан сотиб олсангиз, меъдангизга тегиб қолиши мумкин. Лекин бу тарвузлар ундай эмас, чунки ҳеч қандай дориларсиз етиштирилган. Буни еб кўрган одам ҳис қилади”.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
15:03 / 13.11.2024
Андижонда Damas ағдарилиб пиёдалар йўлакчасида 9 ёшли қизчани босиб қолди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024