30 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Тошкентда янги объектлар билан танишган президент, Париж паралимпиадасида қўлга киритилган дастлабки медаллар, ерни чуқурроқ ҳайдаган сурхондарёлик фермерлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президент Тошкент шаҳридаги янги қурилишлар билан танишди
Шавкат Мирзиёев кеча дастлаб Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди.
Қайд қилинишича, мажмуа 9 та бинодан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. 1-қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, 2-қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.
Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўрин ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин. Марказда Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилган.
“Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, «нолдан» қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Энди асосий вазифа — ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шунингдек, Жамоат хавфсизлиги университетини кўздан кечирди. Шавкат Мирзиёев офицер ва талабалар билан мулоқотда дуал таълимни кенг жорий қилиш, ўқув дастурини бугунги хавф-хатарларга мослаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент Тошкент ҳалқа йўлининг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган қисмида амалга оширилган реконструкция ишларини кўздан кечирди.
Тошкент ҳалқа йўли пойтахтнинг энг узун ва кенг кўчаси. Фақат унинг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган бир қисми тор бўлиб, ҳозирги талабга — кунига 45-50 мингта автомашина қатновига мос келмай қолган эди. Шу боис ушбу йўл кенгайтирилиб, қайта қурилди.
Бу ерда ўзига хос ечимлар асосида 3 та қайрилиб олиш ҳамда 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди. Бу ҳайдовчиларга қулайлик яратиб, тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлади.
Бу йўл пойтахт ва Тошкент вилоятининг бир неча туманларини боғлайди. Қатнов қисми эса олдингидан анча кенгайтирилиб, 6-8 тасмага етказилди. Шунингдек, 4 та ерости ўтиш жойи, пиёда ва велойўлаклар қурилди.
Паралимпиадада дастлабки олтин
Асила Мирзаёрова Паралимпия ўйинлари рекордини янгилаб, Ўзбекистонга биринчи олтин медални келтирди.
T11 классида узунликка сакрашда Асила Мирзаёрова дастлабки уринишидаёқ 5,22 метр натижа қайд этиб, Паралимпия ўйинларининг 28 йиллик рекордини (5,07 м) янгилади. Бешинчи уринишида эса 5,24 метр натижа кўрсатиб, Аслида шу паралимпиадада ўзи ўрнатган рекордни ҳам янгилаб қўйди.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар 4 тага етди — 1 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза.
Бунгача, кўрсатув тайёрланаётган чоғда пара таэквондода Зиёда Исоқова, пара енгил атлетикада Кубаро Ҳакимова кумуш, пара сузишда Муслима Одилова бронза медалини қўлга киритган эди.
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
2014 йилнинг 7 ойлик якунларига кўра, солиқ тушумлари “Ўзбекнефтгаз”да 24 фоизга, Бухоро нефт заводида 42 фоизга, “Иссиқлик электр станциялари”да 2,2 баробарга, “Uz-Kor Gas Chemical”да 3,2 баробарга камайган. “Uzbekistan GTL”нинг солиқ тўловлари қанчага камайгани маълум эмас, лекин қисқариш энг камида 1,5 баробар бўлган.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб борувчи 65 минг 134 та компания томонидан 2024 йил январ-июл ойларида 23 трлн 839 млрд сўм солиқ тўланган. Солиқ қўмитаси хабарига кўра, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга кўп.
Ҳисобот даврида, НКМК ва ОКМКни инобатга олмаганда ишлаб чиқарувчилар орасида энг кўп солиқни “Ўзбекнефтгаз” АЖ тўлаган – 2 трлн 290,7 млрд сўм. Лекин бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,1 фоизга кам. Таққослаш учун, 2023 йилнинг январ-июл ойларида компания тўлаган солиқлар миқдори 3 трлн 19,6 млрд сўм бўлган.
Сурхондарёнинг айрим ҳудудларида пахта терими бошланди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, Сурхондарё вилоятининг айрим ҳудудларида пахта-йиғим терими бошланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар қилди.
Аввалроқ Бандихон туманида жойлашган “Бойсун чунгулсой” фермер хўжалиги пахта етиштириш бўйича режасини ортиғи билан бажарган илк хўжаликлардан бирига айлангани хабар қилинган эди. Фермер хўжалиги биржа орқали "Бандихон Текстил Кластер" МЧЖга 47,5 тонна пахта топшириб, жамият билан тузилган фючерс шартномасини тўлиқ бажарди.
Термиз туманидаги “Қорахон пахтакори” фермер хўжалигига қарашли 14 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда 60 схемада “Бухоро 102” нави экилган. Бу ерда гектаридан 50 центнердан ҳосил олиш кўзда тутилган.
Мазкур ҳудудда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилгани, ғўзанинг вегетация даврида алоҳида назорат олиб борилгани ва уларнинг апробацияси тўғри ва ўз муддатида амалга оширилгани ўз натижасини кўрсатган. Бир сўз билан айтганда, ерни чуқурроқ ҳайдашган.
Бўлиқ кўсаклар очилган, олимларнинг фикрига кўра, 49 центнердан ҳосил олиш мумкин. Тумандаги бошқа фермер хўжаликларида пахта теримига старт берилган бўлиб, бу ерда 2 сентябрдан пахта теримини бошлаш режалаштирилган.
Мавзуга оид
20:43 / 08.11.2024
8 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:04 / 07.11.2024
7 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:35 / 06.11.2024
6 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:18 / 05.11.2024