Ўзбекистон | 15:05 / 02.09.2024
4523
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги Нанай қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди

Қишлоқда сўнгги 5 йилда 150 дан ортиқ меҳмон уйлари, 2 та хостел, 15 та умумий овқатланиш маскани ташкил этилиб, 30 млн долларлик туризм хизматлари экспорти амалга оширилган. Жорий йилнинг ўзида қишлоққа 250 мингга яқин хорижий ва маҳаллий туристлар ташриф буюрган. 

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ўзининг сўлим, мафтункор табиати билан ном қозонган Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу қишлоқда туризмни ривожлантириш, туристларга шароит яратиш мақсадида сўнгги 5 йилда 150 дан ортиқ меҳмон уйлари, 2 та хостел, 15 умумий овқатланиш масканлари ташкил этилган. 

Жорий йилнинг ўзида 18 та туризм объекти барпо этилиб, 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Ҳозирда қишлоқ ҳудудида 30 млн долларлик 87 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жумладан, осма кўприк, дор йўли ҳамда ёзги сирпанчиқ йўлакчаси йўлга қўйилиб, сайёҳларга қулайликлар яратилган. Шунингдек, инвестиция дастурига асосан ҳудуддан оқиб ўтувчи Подшоота сой қирғоғида 1,3 км саломатлик йўлакчаси бунёд этилган. 7 та сунъий шаршара эса қишлоқнинг туристик жозибасини янада оширган.

Қайд этилишича, Нанай қишлоғига жорий йилнинг 8 ойи давомида Нанайга 20 мингга яқин хорижий, 220 мингдан ортиқ маҳаллий туристлар ташриф буюрган. 

Яқинда қишлоқда янги туристик объектлар – лойиҳа қиймати 6 млрд сўм бўлган хостел ҳамда 3 млрд сўмлик меҳмон уйи фойдаланишга топширилди. Тадбирда Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Сардор Ниёзов иштирок этиб, Нанайга “Туризм қишлоғи” мақоми берилганини эълон қилган.

Бунгача Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган Кумушкон ва Чашма қишлоқларига ҳамда Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Сентоб қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилганди.

Мавзуга оид