Жаҳон | 12:18 / 05.09.2024
16788
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда астероид қулаб тушди (видео)

Олимлар астероидни атмосферага киришидан атиги саккиз соат олдин пайқашган.

Фото: Видеодан кадр

4 сентябр куни астероид соатига 39 000 миля (1 миля – 1,609 км) тезлик билан атмосферани ёриб ўтиб, портлади ва Филиппин ҳудудига қулади. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.

Маҳаллий аҳоли астероид қулашини кузатган. Осмон жисмининг дастлабки сурат ва видеолари у ҳаво бўшлиғига кирганидан 20 дақиқа ўтгач эълон қилинди. Одамлар космик объектнинг қулашини суратга олган. Кадрларда астероид ҳатто Ойдан ҳам ёрқинроқ кўринади.

Олимлар астероидни атмосферага киришидан атиги саккиз соат олдин пайқашган. У Ер билан тўқнашишдан олдин аниқланган тўққизинчи космик объект бўлди. Унга 2024 RW1 деб ном берилди.

Европа космик агентлиги астероиднинг ўлчами тахминан 1 метр эканини таъкидлади. Ҳажми кичиклиги сабаб у Ер билан тўқнашганда ҳеч қандай зарар келтирмади. Астероид Лузон ороли яқинига қулаши кутилган.

“Ҳозирги кунда йилига камида биттадан кичик астероидни атмосферага киришидан олдин аниқлаяпмиз. Бу кузатув тизимларининг тобора такомиллашиб бораётганидан далолат беради”, — дея таъкидлайди Европа космик агентлиги.

Баёнотда қўшимча қилинишича, “бу кашфиёт аслида ажойиб янгилик! Бу сайёрани ҳимоя қилиш имкониятларимиз яхшиланаётгани белгисидир”.

Умуман олганда, космик объектлар Ер билан тез-тез тўқнашиб туради. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам атмосферадан ўтиб, хавф туғдиришга қодир эмас.

Аввалроқ Хитойлик олимлар Ерни хавфли астероид зарбаларидан ҳимоя қилишнинг янги усулини топганди. Уларнинг таъкидлашича, астероидларнинг Ер билан потенциал тўқнашуви юз бериши мумкин бўлган айрим вазиятларда фақатгина ядро қуроли фалокатнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Мавзуга оид