10 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистонга сафар қилган Россия бош вазири, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган дронлар, ер участкаларини бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат ва ярим йилдан буён маош бермаётган Enter Engineering — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жадаллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, жадал маданий-ҳуманитар алмашинувни давом эттириш, миграция соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этди.
Россия Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқармоқчи
Ўзбекистонга сафар қилган Россия бош вазири Михаил Мишустин Россия Ўзбекистонда юқори технологияли полимер ишлаб чиқаришни ташкил этиш, учувчисиз учадиган фуқаролик дронлари тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ниятида эканини билдирган.
Бу Тошкентда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин раислигида йиғилишда қайд этилган.
Йиғилишда сўнгги етти йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баравар кўпайгани, жорий йилнинг етти ойида эса товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга ошгани қайд этилган.
Мажлисда икки давлат раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 млрд долларгача етказиш вазифаси қўйилгани, бунга эришиш учун ҳамкорлик лойиҳаларини изчил амалга ошириш ҳамда импорт ўрнини босиш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаган.
Бўлиб-бўлиб тўлаш учун ер участкалари
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида сотиб олиш қийматини ҳар ойда тенг улушларда, қолдиқ суммага Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз ҳисоблаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Бу «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер ресурсларининг инвестициявий имкониятларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида қайд этилган.
Фармонга кўра:
- Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида – 3 йил давомида камида 35 фоиз миқдорида дастлабки тўловни 15 иш кунида амалга ошириш шарти билан;
- бошқа аҳоли пунктларида – 5 йил давомида, 4- ва 5-тоифалардаги туманларда эса 10 йил давомида камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни 15 иш кунида амалга ошириш шарти билан ер участкалари харид қилишга рухсат берилади.
Шунингдек, барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади.
Жойлардаги ҳокимликларга саноат зоналари, аҳоли пунктлари ҳудудларининг қисмлари, хусусан, янги барпо этиладиган кўп квартирали ва якка тартибдаги уй-жой массивлари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш ишларига белгиланган шартларга мувофиқ лойиҳа ташкилотларини энг яхши таклифларни танлаш асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилади.
Enter Engineering апрелдан буён маош тўламаяти
Kun.uz'га мурожаат қилган Enter Engineering компаниясининг офис ходимлари баҳор ойларидан бери маош олишмаётганини билдиришди.
Улар Бойсундаги конда юз берган авария оқибатини юмшатиш ишлари ойликларнинг яна кечикишига сабаб бўлишидан хавотирда. Меҳнат кодексига кўра, ходимларга камида ҳар ярим ойда бир марта иш ҳақи тўланиши керак.
«Сентябрда офис ишчиларига ойлик иш ҳақи тўлашмаётганига 6 ой бўлди. Ҳеч кимнинг булар билан иши йўқ, ҳеч кимнинг буларга тиши ўтмайди», – дейилади мурожаатда.
Бойсундаги конда рўй берган авария оқибатини юмшатиш ҳаракатлари сабаб ойликлар яна кечиктирилиши мумкин.
1 сентябр куни техноген офат рўй бериб, атмосферага водород сулфид гази тарқаган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони лойиҳасида Eriell ва Enter Engineering компаниялари пудратчи сифатида қатнашмоқда. Конни ўзлаштириш бўйича бош пудратчи – Eriell.
Газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишлари эса “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан Enter Engineering компаниясига юклатилган.
Мурожаатда Enter Engineering'нинг офис ходимлари апрел ойидан бери ойликсиз ишлаётгани, нима сабабдан ойлик берилмаётгани ҳақидаги саволларга раҳбарлар жавоб бермаётгани, «шунчаки пул йўқ», дейиш билан кифояланаётгани, бир қатор ходимлар ишдан бўшаётгани айтилган.
Мавзуга оид
20:43 / 08.11.2024
8 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:04 / 07.11.2024
7 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:35 / 06.11.2024
6 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:18 / 05.11.2024