Жаҳон | 16:23 / 10.09.2024
2490
3 дақиқада ўқилади

Телевизор пулти юқумли вируслар манбаи экани тасдиқланди

Америкалик мутахассиснинг таъкидлашича, уйдаги пулт ҳожатхона, раковина жўмраги, эшик тутқичлари ва ҳатто ювилмаган кўрпа-тўшаклардан ҳам кирроқ ҳисобланади.

АҚШда бир қатор нуфузли университетларда ўтказилган тадқиқотлар телевизорнинг пулти уйдаги энг кир буюм ва юқумли вируслар ўчоғи ҳисобланишини тасдиқлади.

Телевизорни масофадан бошқарадиган гаджетга бир кунда нечта қўл тегади. Баъзида пулт полга тушиб кетади ёки телевизор орқасида чанг йиғади. Экран олдида овқатланаётганда, ёғли қўллар билан пултга тегилади. Янаям ёмони, кимдир пултга қараб аксирган, ювилмаган қўллари билан ушлаган ва ҳатто устидан босиб ўтган бўлиши мумкин. Бунга ҳисса қўшадиган яна бир омил шундаки, пулт тез кирланади, уни тозалаш эса қийин. Чунки пултлардаги тирқишлар ишни мураккаблаштиради.

Аризона университетининг атроф-муҳит микробиологияси бўлими мутахассиси доктор Чарлз Гербанинг таъкидлашича, уйдаги пулт ҳожатхона, раковина жўмраги, эшик тутқичлари ва ҳатто ювилмаган кўрпа-тўшаклардан ҳам кирроқ ҳисобланади.

Виржиния университети тадқиқотчилари ўзлари текширган пултларнинг ярмида шамоллаш вируслари мавжудлигини аниқлади. Фаол микроблар бундай пултларда камида 24 соат яшай олади: ҳатто битта тугмани босиш орқали касалликни юқтириб олиш мумкин.

Бу фақат уйдаги ҳолат. Саёҳатга чиққанда меҳмонхонадаги телевизор пултига қўл теккизишда янада эҳтиёткор бўлиш лозим, чунки хонадаги энг кир буюм айнан пулт саналади. Қолаверса, аввалги мижозлар тозаликка қанчалик риоя қилгани номаълум.

Пултлар қандай тозаланади?

Пултларни мунтазам равишда тозалаш жуда муҳим. Масофавий бошқарув қурилмасини тозалашда қуйидагилар тавсия этилади:

  • Пулт юзасини тозалаш учун спиртли мато ёки салфеткалардан фойдаланинг;
  • Тирқишлардаги чанг ва озиқ-овқат зарраларини чиқариб ташланг;
  • Пултни пластик қоплама билан ўраш ҳам мумкин. Унинг юзасини тугмалар функционаллигига путур етказмасдан осонлик билан тозалаш мумкин бўлади. Аммо қопламани вақти-вақти билан алмаштиришни унутмаслик лозим.

АҚШдаги New Remote Inc. компанияси раҳбарлари соғлик учун анча хавфсиз пултни ишлаб чиққани айтилмоқда. Clean Remote номли универсал пулт текис, тугмалар ўрнига бўртиқлардан иборат, тирқишларсиз ва юзаси бактерияларга чидамли қилиб яратилган. Таъкидланишича, ушбу пултни дезинфексияловчи восита билан осонгина артиб тозалаш мумкин, бунда микроблар ва кирлар тўпланадиган тирқишлар қолмайди.

Қайд этилишича, АҚШдаги қатор касалхоналар ва меҳмонхоналар Clean Remote пултларидан фойдаланишга ўтмоқда.

Мавзуга оид