Жаҳон | 02:34 / 11.09.2024
3320
2 дақиқада ўқилади

Латвия Беларус рақамларига эга енгил автомобилларни мамлакатдан чиқариб юборишни буюрди

Таъкидланишича, 31 октябрдан кейин Беларусга тегишли транспорт воситалари Латвия ҳудудидан фақат бир томонлама йўналишда, Йўл ҳаракати хавфсизлиги дирекциясининг рухсати билан транзит ҳаракатлана олади.

Фото: Report.az

Латвия Беларусда рўйхатдан ўтган енгил автомобилларни 31 октябрга қадар мамлакат ҳудудидан чиқариб юборади. Бу ҳақда Болтиқбўйи мамлакатининг парламенти сайтидаги баёнотда сўз боради.

«10 сентябр куни сеймдаги иккинчи ўқишда Йўл ҳаракати тўғрисидаги қонунга шошилинч дея топилган ўзгартиришларни киритиш қўллаб-қувватланди», — дейилади хабарда.

Латия парламентининг халқ хўжалиги, аграр, экология ва минтақавий сиёсат бўйича комиссиясига кўра, енгил автомобилларнинг чиқариб юборилишини олдинроқ Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкциялар таъминлайди. Комиссиянинг қайд этишича, агар транспорт воситалари қайта рўйхатдан ўтказилмаса ёки олиб чиқиб кетилмаса, мусодара қилиниши мумкин.

Таъкидланишича, 31 октябрдан кейин Беларусга тегишли транспорт воситалари Латвия ҳудудидан фақат бир томонлама йўналишда, Йўл ҳаракати хавфсизлиги дирекциясининг рухсати билан транзит ҳаракатлана олади.

Литва божхона бошқармаси 18 июлдан бошлаб Беларус давлат рақамларига эга автомобилларнинг мамлакатга киришига тақиқ амал қила бошлашини маълум қилганди. Фақат дипломатик транспорт воситалари учун истисно қилинади. 

Ҳозирда Литвада бўлган автомобил эгалари 2025 йилнинг 18 январигача мамлакатни тарк этишлари ёки уларни қайта рўйхатдан ўтказишлари керак. Буни қилмаганларнинг машиналари мусодара этилади. 

Аввалроқ, 16 июлдан бошлаб Латвияда Беларусда рўйхатдан ўтган автомобиллар кириши тақиқланган эди. Рига бу чорани Европа Иттифоқининг Россия Федерацияси ва Беларусга қарши санкцияларини четлаб ўтиш хавфини камайтириш зарурати билан изоҳлади. Қарор дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, жумладан, делегациялар, элчихоналар ва миссиялар фойдаланиши учун мўлжалланган автотранспорт воситаларига тааллуқли эмас.

Мавзуга оид