Ўзбекистон | 11:36
4633
2 дақиқада ўқилади

Бойсундаги конда ҳалок бўлган ходимларнинг оилалари ташлаб қўйилмайди — Танзила Норбоева

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Бойсундаги газ конида авария туфайли қурбон бўлган ходимларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, марҳумларнинг оилалари таъминоти масаласида алоҳида топшириқ бўлган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

“1 сентябр куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида бурғилаш ишлари олиб бориш жараёнида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт, яъни водород сулфид гази чиқиши кузатилди. Бу – бугунги кунда жамоатчиликни диққат марказида бўлиб турган масала, ҳаммамиз эшитдик.

Вафот этган фуқароларимиз бор, яқинларига сабр тилаймиз. [Уларнинг] оилалари давлатимиз, президентимиз назоратида, буни ҳаммамиз эшитдик. Уларнинг таъминоти масаласида алоҳида топшириқ ҳам бўлган, ташлаб қўйилмайди. Шу масала бўйича биз ҳам ҳамдардлигимизни билдирамиз”, – деди Танзила Норбоева Сенатнинг 20 сентябр кунги ялпи мажлисида.

М25 конида 17 сентябр куни рўй берган такрорий аварияда 4 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, марҳум ходимларнинг яқинларига компенсация тўлаб берилади, шунингдек, пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини моддий таъминлаб, ўқитиб, иш билан таъминлашгача ўз зиммасига олади. Пудратчи компания бу борада изоҳ бермади.

Мавзуга оид