Жаҳон | 11:30 / 20.09.2024
4323
2 дақиқада ўқилади

Киев Полша ТИВ раҳбарининг Қримдаги референдум ҳақидаги фикрига жавоб қайтарди

Украинанинг ҳудудий яхлитлиги муроса предмети бўлиши мумкин эмас, деди Украина ташқи ишлар вазирлиги. Аввалроқ Сикорский БМТ мандати остида Қрим мақоми бўйича референдум ўтказишни таклиф қилган эди.

Радослав Сикорский Фото: Reuters

Украина ташқи ишлар вазирлиги Қримнинг ҳудудий мақоми бўйича муросага йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилди, деб ёзади «Европейская правда» нашри 19 сентябр, пайшанба куни. Мурожаат Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг БМТ мандати остида яриморолда референдум ўтказишни таклиф қилган баёнотидан сўнг эълон қилинди.

Украина вазирлигининг таъкидлашича, Украина ҳудудий яхлитлиги «ҳеч қачон муҳокама ёки муроса мавзуси бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас». «Қрим Европа хавфсизлик архитектурасининг оғирлик марказидир, уни тўлиқ тиклаш фақат Украинанинг бутун ҳудуди, жумладан, украин яримороли тўлиқ деоккупациясидан кейингина мумкин», — дейилади идора баёнотида. Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясини Қримдан қўшинларини олиб чиқишга мажбурлаш ва жиноятлар учун жавобгарликка тортишда қўллаб-қувватловга умид билдирди.

Сикорский Қримда «адолатли референдум» ўтказишни таклиф қилди

Полша ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Радослав Сикорский Киевга ташрифи чоғида Россия Федерацияси ва Украина Қримни қуролсизлантирмасдан туриб унинг мақоми бўйича қандай келишувга эриша олишини кўрмаётганини айтди. «Биз буни БМТ мандати остига қўйишимиз мумкин, бу қонуний аҳоли кимлигини текширгандан сўнг адолатли референдумга тайёргарлик кўриш ва ҳоказодан иборат... Ва биз буни 20 йилга кечиктиришимиз мумкин», деди вазир.

Шу билан бирга, у Ғарб «украиналикларга Қримда жанг қилмасликни айтиб» хатога йўл қўйганини айтди. «Агар украиналиклар Қримда ҳатто рамзий маънода жанг қилганида, у (Путин) Донбасс бўйича бир қарорга келмаган бўлар эди», — дея таъкидлади Сикорский.

Мавзуга оид