Жаҳон | 22:59 / 25.09.2024
3778
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати: Махфий хизмат Трампга уюштирилган суиқасднинг олдини олиши мумкин эди

Тергов давомида аниқланишича, Махфий хизмат мерган чиққан бинони кузатмаган, ходимлар турли радиоканаллар орқали мулоқот қилгани ҳам ўзаро алоқада қийинчилик туғдирган.

Фото: AP

АҚШ Сенатининг Ички хавфсизлик ва давлат ишлари қўмитаси Махфий хизмат фаолиятидаги кўплаб хатоликлар бўлмаганида собиқ президент Доналд Трампга уюштирилган суиқасднинг олдини олиш мумкин бўларди, деган хулосага келди.

«Ушбу хатолар оқибати даҳшатли», — дейди демократ-сенатор Гери Питерс.

Қўмита терговининг оралиқ ҳисоботида келтирилишича, Махфий хизмат томонидан Трампга уюштирилган ҳужумда йўл қўйилган хатоларни «аниқлаш, олдини олиш» мумкин бўлган.

Тергов давомида хизматнинг деярли барча даражаларида кўплаб хатоликлар аниқланган. Аввалроқ Махфий хизматнинг ички тергови натижаларида, шунингдек, Вакиллар палатасининг ҳозирда давом этаётган терговида ҳам шунга ўхшаш хулосалар берилган.

Конгрессменларнинг сўзларига кўра, Махфий хизмат мерган чиққан бинони кузатмаган, ходимлар турли радиоканаллар орқали мулоқот қилгани ҳам ўзаро алоқада қийинчилик туғдирган. Бундан ташқари, тергов давомида Трампга ўт очилишидан икки дақиқа олдин Махфий хизматга бино томига шубҳали шахс чиқиб олгани ҳақида огоҳлантириш келиб тушгани аниқланган. Шунга қарамай, мерган АҚШ собиқ президентига бир неча бор ўқ узишга муваффақ бўлган.

13 июл куни 20 ёшли Томас Метю Крукс АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Пенсилвания штати Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингидаги чиқиши вақтида унга қарата ўқ узганди. Ўқ сиёсатчи қулоғининг тепа қисмига теккан.

Содир бўлган ҳолат юзасидан ўтказилган тергов фонида АҚШ Махфий хизмати директори Кимберли Читл истеъфога чиқди. Бундан олдин АҚШ Вакиллар палатасида Трампга суиқасд уюштирилган тадбирда хавфсизлик режими бузилгани юзасидан эшитув бўлиб ўтган эди. Читл суиқасд бўйича собиқ президентни огоҳлантиришга улгурмагани учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, мазкур ҳолатни Махфий хизматнинг ўн йилликдаги «энг жиддий муваффақиятсизлиги» деб атаган.

Мавзуга оид