Жаҳон | 22:50 / 26.09.2024
3747
3 дақиқада ўқилади

Бир қанча Ғарб давлатлари «Толибон»ни аёлларни камситгани учун судга бермоқчи

«Толибон» Афғонистонда инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузиш ва поймол этиш, хусусан, аёллар ва қизларга нисбатан «гендер дискриминацияси»ни амалга оширганлик, БМТ аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномасини бузганликда айбланмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Германия, Австралия, Канада ва Нидерландия Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати устидан аёллар ҳуқуқлари бузилгани туфайли Халқаро судга даъво беради. Агар қисқа вақт оралиғида вазият ўзгармаса, давлатлар судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ушбу Ғарб давлатлари ташқи ишлар вазирлари БМТ йиғилишида маълум қилди, деб ёзди Die Zeit.

Дипломатларнинг таъкидлашича, «Толибон» Афғонистонда инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузиш ва поймол этиш, хусусан, аёллар ва қизларга нисбатан «гендер дискриминацияси»ни амалга оширмоқда ва БМТ аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномасини бузмоқда.

Улар Афғонистон ва «Толибон»дан халқаро қонунларга риоя қилиш, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш ҳуқуқига қўйилган барча чекловларни олиб ташлашни бир неча бор сўраганини, бироқ вазият янада ёмонлашаётганини эслатди.

БМТ Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномаси 1979 йилда имзоланган ва уни дунёнинг аксарият давлатлари, жумладан, 2003 йилда унга қўшилган Афғонистон ҳам қўллаб-қувватлаган.

2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг, «Толибон» Афғонистонда инсон ҳуқуқларини, хусусан, аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ваъда берди, бироқ уларнинг ҳукмронлигининг биринчи йилида афғон аёллари жамият ҳаётидан деярли бутунлай четлатилди.

Айни пайтда қизлар олтинчи синфдан кейин мактабга боролмайди, турмушга чиқмаган ёки эркак васий бўлмаса, аёлларнинг ишлаши, саёҳат ва соғлиқни сақлаш имкониятлари чекланган, аёллар кўчага ҳижобсиз чиққани учун ҳибсга олинмоқда.

Бир неча ҳафта олдин «Толибон» режими аёлларнинг жамоат жойларида қўшиқ айтиш, овоз чиқариб ўқиш ёки Қуръон оятларини ўқишни тақиқловчи фазилат тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Қонун шунингдек, «Толибон» томонидан ўрнатилган хулқ-атвор қоидаларини татбиқ этувчи ахлоқ полициясининг ваколатларини кенгайтирди.

БМТ Халқаро суди – ушбу ташкилотининг асосий суд органи ҳисобланади. Судяларнинг қарорлари қонуний кучга эга ва устидан шикоят қилиб бўлмайди, бироқ суд ўз қарорларини ижро этиш қобилиятига эга эмас ва «Толибон» ҳукмни эътиборсиз қолдириши мумкин. «Толибон» устидан шикоят дарҳол берилмайди: қоидаларга кўра, ташаббускор аввало судни низо борлиги тўғрисида хабардор қилиши керак, шундан сўнг томонлар келишмовчиликларни ҳал қилиши учун олти ой мухлат олади.

Мавзуга оид