Жаҳон | 16:15 / 17.10.2024
33313
12 дақиқада ўқилади

Бир жиноят тарихи: қотиллик қурбони бўлган 72 ёшли актриса

1981 йил декабр ойида таниқли актрисалардан бирини Москвадаги квартирасида ўлдириб кетишади. Ўшанда қотил топилмайди. СССР парчалангач, қотилликни КГБ амалга оширгани ҳақида гап-сўзлар чиқади. Чунки актриса АҚШга кўчиб кетишга тараддуд кўраётганди.

Тарих саҳнида 74 йил ҳукм сурган совет даврида кўплаб жиноятлар содир бўлган. Бироқ бу давлатда улар оммадан яшириларди.

Бундан мақсад, одамлар онгига «СССРда жиноятчилик ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш йўқ, ҳамма тинч, соғ-омон ҳаёт кечирмоқда», деган ёлғон гапни сингдириш эди.

Аслида, совет иттифоқида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар, турли жиноятлар рўй берарди.

Ана шундай жиноятлардан бири 1981 йилда содир бўлади. Таниқли совет актрисаси Зоя Федорова Москвадаги квартирасида ўлдириб кетилади. Хўш, ўша пайтда 72 ёшда бўлган актрисанинг ўлими кимга керак эди?

«Халқ душмани»

1909 йилда Санкт Петербургда туғилган бўлажак актрисанинг ёшлиги 1917 йилда Россияда содир бўлган давлат тўнтариши ва ундан кейинги талатўплар даврида кечади.

1918 йилда Зоянинг оиласи Москвага кўчиб ўтади ва у мактабни битиргач театр билим юртида ўқийди. Қиз урушгача бир неча марта турмушга чиқиб ажрашади.

tvc.ru

Зоя 1932 йилда илк марта бадиий филмда суратга тушганида ҳали талаба эди. Кейинчалик урушгача у яна бир қатор филмларда ва спектаклларда рол ўйнайди. 1938 йилда Зоянинг отаси қамалади. Актриса шунда ҳам роллар ижро этишда давом этади.

1945 йилда фашизм устидан қозонилган ғалаба шарафига СССР ташқи ишлар вазирлиги ўтказган бир тадбирда у ақшлик дипломат Жексон Тейт билан танишади.

Шундан сўнг аёл Жексонни севиб қолади ва бир муддат у билан бирга яшайди. Жексон аёлнинг ҳомиладор эканини билганида ундан СССРни тарк этишни талаб қилишаётганди. Зоя қизини туғган пайтда совет ҳукумати Жексонни мамлакатдан чиқариб юборганди.

Актриса хорижлик ҳарбий-дипломатдан фарзанд кўрганини яшириш мақсадида 1946 йилда композитор Александр Рязановга турмушга чиқади. Бироқ НКВД «исковучлари» барчасини билиб турганди.

Рожер Тейт ва Зоя Федорова
dayonline.ru

1946 йил 27 декабр куни актриса ҳибсга олинади ва давлатга хиёнатда айбланиб 25 йилга қамалади. Синглиси Марияга 10 йил қамоқ жазоси беришади. Опа-сингилларни ГУЛаг қамоқхоналарига тиқишади.

1953 йил март ойида Сталин вафот этгач, қама-қамалар тўхтайди. Унинг даврида қамоқхоналарга тиқилган инсонлар озод қилина бошланади. Актрисага 1955 йилда навбат келади ва у ҳам озод бўлади.

Зоя қамалгунича Берия билан яхши алоқаларда бўлган. Аслида, буни яхши алоқа ҳам деб бўлмасди, шунчаки миллионларнинг ёстиғини қуритган бу шахс Зоянинг мухлиси эди. Унинг спектаклларини театрга тушиб томоша қиларди.

Сталин вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган шахслар актрисани Берия билан дўстона муносабатда бўлган деб ҳисоблашади ва уни озод қилишни кечиктиришади.

Шу сабабли аёл Сталин ўлганидан кейин ҳам яна икки йил қамоқхонада қолиб кетади. Актриса 1955 йилда қамоқдан қайтгандан сўнг дарҳол филмларда роллар ижро эта бошлайди.

НКВД раҳбари Лаврентий Берия ва Зоя Федорова
alamy.com

Жексон Тейт билан алоқалар

Мамлакат тепасига Хрушчёв келгандан сўнг бир муддат СССРнинг АҚШ билан алоқалари илиқлашиб қолади. 1959 йилда Москвада Америка маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади. Хрушчёв давлат ташрифи билан океан ортига боради.

Ана шу пайтларда Зоя қизи Викториянинг отаси Жексон Тейт билан алоқа ўрнатиш чораларини излай бошлайди. У 1959 йилда Москвада ўтказилган АҚШ кўргазмасига боради ва у ерда қатнашаётган америкалик аёл Ирен Киркдан Жексон билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўрайди.

Ирен Америкага қайтгач Жексонни излаб топади ва унга Зоянинг мактубини топширади. Шундан сўнг Жексон ва Зоя ўзаро мактуб ёзишиб, қўнғироқлашиб туришади. Актриса ундан қиз кўрганини ва ваъдага мувофиқ унга Виктория (Ғалаба) деб исм қўйганини айтади.

Кўп ўтмай «совуқ уруш» даври бошланади. Америка ва СССР орасидаги муносабатлар энг ёмон кўринишга келади. Ана шунда «душман» давлат фуқароси бўлган эркак билан алоқалашиб юрган Зоя КГБ эътиборига тушади. Бу пайтда унинг ёши 50 дан ошганди.

Зоя қизининг отаси билан анча йил хабарлашиб юради. Актриса океан ортига кетолмас, америкалик собиқ ҳарбий СССРга кела олмасди.

Зоя Федорова СССР Ички ишлар вазири Шчёлоков билан бирга.
yaplakal.com

Америка орзуси ва қотиллик

1975 йилда 29 ёшли Виктория АҚШга кетишга рухсат олади ва океан ортига кўчиб кетади. У Америкада отаси билан учрашади. Сўнг ўша ёқда турмушга чиқади ва фарзандли бўлади.

Шундан сўнг 66 ёшли актриса СССР ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, Америкага бориб келиш учун рухсат сўрайди ва бир неча бор рад жавобини олади.

Ўша пайтларда кўплаб КГБ ва ташқи разведка ходимлари, юқори унвонли ҳарбийлар МРБ ва МИ хизматлари фойдасига жосуслик қилиб юрган ва Ғарбга қочиб кетган эди.

Шунингдек, олимлар, спортчилар ва адиблар бири яширинча қочиб, бошқаси ошкора кетиб Ғарб давлатларидан паноҳ топаётганди.

Ана шундай шароитда РСФСР халқ артисти бўлган актрисага Америкага боришга рухсат беришса ва у қайтишни хоҳламаса бу совет давлати учун яна бир зарба бўлар эди. Шу сабабли ҳам Зоя Федорованинг АҚШга боришига рухсат беришмаётганди.

1976 йилда ниҳоят актрисага Америкага бориб келишга рухсат беришади. Шунда ҳам кетишидан аввал уни КГБ ходими «суҳбат»га чақиради ва қайтиб келиш ҳақида тилхат олинади.

Зоя Америкага етиб боргач аввал қизи ва набираси билан, сўнг Жексон Тейт билан кўришади. Бир муддат Америкада яшаб Москвага қайтади.

Зоя Федорова Америкада, қизи, набираси ва куёви билан
туннель.ру

1978 йилда Жексон Тейт вафот этади. Шундан сўнг актриса яна икки марта океан ортига қизининг олдига бориб келади.

Зоя охирги марта Америкадан қайтгач доимий яшаш учун океан ортига кўчиб кетишга қарор қилади ва ҳужжатлар тўплай бошлайди.

Бунгача Зоя Федорова қарийб 90 та филмда рол ижро этган. Илк филмда 1932 йилда суратга тушган бўлса, сўнгги филми 1979 йилда суратга олинган.

Актриса «Ы операцияси ёки Шурикнинг бошқа саргузаштлари» ва «Москва кўзёшларга ишонмайди» каби машҳур филмларда эпизодик роллар ижро этган.

Зоя икки марта 1941 ва 1942 йилларда Сталин мукофотини олган. Шунингдек, унга Меҳнат қизил байроқ ордени ва 1965 йилда РСФСР халқ артисти унвони берилган.

Жексон Тейт қизи Виктория ва куёви билан

Сирли қотиллик

1981 йил 10 декабр куни 72 ёшли Зоя Федорова Москвадаги квартирасида отиб кетилади. Милиция марҳуманинг танасидаги ўқни текшириб кўрганда у немисларнинг Sauer русумли тўппончасидан отилгани аниқланади.

Бу тўппонча германиялик Фриц Ценер томонидан ихтиро қилинган бўлиб, ундан 1939-1945 йиллар оралиғида немислар фойдаланган.

Иккинчи жаҳон урушида Германия мағлубиятга учрагач немис армияси зобитлари қўлида бўлган Sauer тўппончаларининг аксарияти совет зобитлари ва НКВД (сўнг КГБ) ходимлари қўлига ўтганди.

СССРда бу тўппончадан айрим ҳарбийлар ва КГБ ходимлари фойдаланишган. Милиция ва КГБ анча пайт қотилни қидиради. Бироқ актрисани отган шахсни топиб бўлмайди.

СССР парчаланиб кетгунча актриса Зоя Федорованинг сирли ўлими ҳақида ҳеч нарса ёзиб ёки мустақил суриштирув ўтказиб бўлмасди. Фақат ИИВ ва КГБнинг расмий маълумоти бор эди холос.

Зоянинг КГБ томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлигини билганлар ҳам бу ҳақда оғиз очолмасди. Зулм салтанати парчаланиб кетгач актрисанинг яқинлари, танишлари тилга киради ва унинг ўлими билан боғлиқ айрим деталлар ошкор бўлади.

Кейинчалик, Зоя Федорованинг жияни аёл ҳеч қачон бегоналарга эшик очмагани ва уларни уйга қўймаганини айтган.

Москва шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича инспектори Сергей Бутенин шундай деганди:

«Актрисанинг уйини кўздан кечириш чоғида у эгнида униққанроқ эски халат, оёғида шиппак кийган ҳолда эканига гувоҳ бўлдик. Шунда тахмин қилдик, қотил аёлни аввалдан таниган ва унинг уйига келиб юрган шахс бўлган».

Зоя Федорова «Москва кўзёшларга ишонмайди» филмида эпизодик рол ижро этган
lenta.ru

Суриштирувлар давомида ўша куни аёлнинг уйига унинг Юрий исмли жияни ва Набокова фамилияли дугонаси келгани аниқланади.

Набоковани сўроқ қилишганда у қизи Францияда яшашини ва Зоя у орқали Америкадаги қизига нарса бериб юбормоқчи бўлганини, ўша нарсани олиш учун дугонасиникига келганини айтади.

Юрий эса аёлдан хабар олиш учун келганини айтади. Бироқ милиция унинг гапига ишонмайди ва йигитни қамаб қўйишади. Бироқ ундан бошқа гап чиқмагач Юрийни қўйиб юборишади.

Қотил актрисани ўлдиргач негадир кўп қаватли уйнинг йўлагидан эмас, чордоғи орқали қочиб кетгани ойдинлашади. Бундан ҳам ажабланарлиси, актрисанинг дугонаси Набокова ҳам кўп ўтмай сирли равишда вафот этади. Афтидан, у муҳим сирларни биларди.

Гувоҳларни сўроқ қилиш икки йил давом этгач иш милициядан КГБга ўтказилади. КГБ эса жиноят ишини ёпади ва тўпланган материалларни махфий ҳужжатлар рўйхатига қўшиб қўяди.

Актрисани КГБ йўқ қилганми?

1980-йиллар охирларида СССР ичдан емирила бошлагач Зоя Федорованинг сирли ўлими яна муҳокама марказига чиқади. Унинг КГБ томонидан ўлдирилгани ҳақида гап-сўзлар тарқайди.

Шундан сўнг милиция ва КГБ зўр бериб аёл номаълум шахс томонидан қимматбаҳо буюмлар учун ўлдирилганини таъкидлай бошлайди.

Уларнинг расмий маълумотларида, вафотигача бир неча марта Америкага бориб келган актриса океан ортидан кўплаб қимматбаҳо буюмлар олиб келган ва уйида сақлаган.

Америкага боришида СССРдан қимматбаҳо тарихий буюмларни олиб чиқиб кетган ва уларни ўша ёқда пуллаб яхши даромад қилган.

Зоя Федорова қизи Виктория билан
puntomarinero.com

Расмий маълумотлардаги бу гапларга одамларни ишонтириб бўлмасди. Чунки ўша пайтда Америкага борадиганлар ва океан ортидан келадиганлар жуда қаттиқ текширувдан ўтказиларди.

Шу сабабли бундай одамлар СССРдан игна ҳам олиб чиқолмас ва олиб киролмас эди. Шу жумладан, таниқли актриса ҳам.

КГБ туҳматдан иборат расмий маълумот билан чекланиб қолмайди. Ёши 70 атрофида бўлган актриса контрабанда билан шуғуллангани ҳақида асар ёздиради, «ҳужжатли» филмлар тайёрлатади.

Жумладан, 1990 йилда Юлиан Семёнов «Кутузов проспектининг сири» номли роман ёзади. Бу адиб КГБнинг «хос ёзувчиси» эди ва асарида актрисани контрабандачи сифатида тасвирлайди.

Кейинчалик, Россиянинг турли телеканалларида актрисанинг сирли ўлими ҳақида турли кўрсатувлар, ҳужжатли филмлар намойиш этилади. Уларнинг айримларида расмий маълумотлар айтилган бўлса, бошқаларида актрисани КГБ йўқ қилгани ҳақида ҳам гапирилган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид